Ўзбекистонда «Музейлар квадрати» ташкил этилади, шулардан 7 таси Самарқандда бўлади
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилояти ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Самарқанд шаҳрида «Музейлар квадрати» фаолияти йўлга қўйилади.
Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, “Буюк ипак йўли — Ўзбекистон ва Хитойнинг олтин мероси” кўргазмаси, “Самарқанд — Ўзбекистон ва Россия минтақалари маданиятлари туташуви” кўргазмаси, «Классицизм» музейи, Тарихий фотосуратлар музейи, Заргарлик санъати музейи, Бадиий кўргазмалар зали, «Самарқанд» давлат музей-қўриқхонасининг филиаллари сифатида анъанавий либослар музейлари фаолияти йўлга қўйилади. Яъни, бир-бирига яқин, пиёда борса бўладиган масофада еттита музей очилади.
Шунингдек, Қўқон шаҳрида «Қўқон» давлат музей-қўриқхонаси филиали сифатида Замонавий санъат музейи ҳамда Урганч шаҳрида Ўзбекистон замонавий санъат музейининг филиали сифатида Лазги музейи ташкил этилади.
Бундан мақсад Ўзбекистон санъатининг жаҳон адабий ва маданий муҳитига интеграцияси, халқаро майдонда мамлакатнинг ижобий имижини мустаҳкамлашга оид замонавий янги экспозицияларни яратиш ва музей тўпламларидаги бой тарихий ҳамда маданий меросимизни замонавий санъат платформасида кенг тарғиб қилишдир.