Ўзбекистонда нодавлат ва хорижий олий таълим муассасаларининг дипломи тан олинадими?

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда қайси нодавлат олий таълим ташкилотлари абитуриентлардан ҳужжат қабул қилмоқда? Улар томонидан бериладиган диплом давлат олий таълим муассасалари дипломи билан бир хил кучга эгами, яъни тан олинадими?

Шу каби саволларга Таълим инспекцияси матбуот хизматидан қуйидаги жавоблар олинди:

- Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 29 тага етди.

Жорий йилда олий таълим муассасаларига қабул қилинаётган талабаларнинг қарийб 10 фоиздан ортиғи, яъни 20 000 минг нафарга яқини айнан нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳиссасига тўғри келади.

Таълим инспекцияси томонидан нодавлат олий таълим ташкилотларининг расмий веб-саҳифалари ўрганилганда, ҳозирги кунда Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Маъмун номидаги жаҳон тиллари институти, TMC институти ҳамда TEAM университети, Тошкент шаҳридаги Британия менежмент университети, Тошкент халқаро таълим университети каби олий таълим ташкилотларида қабул жараёнлари давом этаётганлиги маълум бўлди.

Ушбу муассасаларга олий таълим хизматлари кўрсатиш учун Таълим инспекцияси томонидан белгиланган тартибда лицензиялар расмийлаштирилган. Улар томонидан берилган диплом мамлакатимиздаги бошқа олийгоҳлариники билан бир қаторда тан олинади.

 

- Хорижий олий таълим муассасасининг дипломи Ўзбекистонда тан олиниши учун нималарга эътибор қаратиш лозим?

- Таклиф этилаётган хорижий олий таълим ташкилоти дипломининг Ўзбекистонда тан олиниши учун аввало, ташкилотнинг олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритишига рухсат берувчи ҳужжати, яъни лицензияси мавжуд бўлиши керак.

Қолаверса, олий таълим муассасаси ва унинг таълим дастурлари ваколатли органлар томонидан аккредитациядан ўтказилган бўлиши, муассасанинг ўқитиш шакли ва таълим дастурлари Ўзбекистон қонунчилигига мос келишини ўрганиш лозим.

“Таълим тўғрисида”ги қонунга кўра, Ўзбекистон ҳудудида расман тан олинадиган бакалавриат босқичи камида 3 йил, сиртқи таълим камида 4 йил, магистратура эса камида 1 йил муддат қилиб белгиланган.

- Қайси ҳолатларда хорижий олий таълим муассасаси дипломи Ўзбекистонда тан олинмайди?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 июлдаги 620-сон қарори билан тасдиқланган хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ҳақидаги низомга асосан хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар қуйидаги ҳолатларда тан олинмайди:

- хорижий таълим тўғрисидаги ҳужжат берилган давлатда унинг эгасига Ўзбекистон Республикасидагига қараганда таълим олиш ва (ёки) касбий фаолият билан шуғулланиш учун кам ҳуқуқлар берилган бўлса (ҳужжат эгаси таълимнинг кейинги босқичида ўқишни давом эттириш, касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаса);

- олий маълумот Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилмаган таълим шаклида олинган бўлса;

Олий таълим босқичларида:

- бакалавриат бўйича ўқиш муддати уч йилдан кам бўлса ёки Европа таълим тизими асосида ўқиш давомида 240 дан кам кредит тўплаган бўлса;

- магистратура бўйича ўқиш муддати бир йилдан кам бўлса;

- бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари қўшиб ўқитиладиган таълим дастурлари бўйича таълим олганда умумий ўқиш даври уч йилдан кам бўлса.

Айни сабабларга кўра, 2020 йилда 102 нафар, 2021 йилнинг ўтган даврида 69 нафар мурожаат қилганларнинг дипломи синовларга чақирилмасдан тан олиш рад этилган.