Ўзбекистонда хонадаги коронавирус инфекциясини ўлдирувчи қурилма яратилди
Ўзбекистонда ҳаво ва нарса-буюмлар юзасидаги инфекциялар, хусусан, Covid-19 вирусини йўқ қилувчи қурилма ихтиро қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
«Биогенетик» илмий ишлаб чиқариш корхонаси директори Олимжон Юсупов «Innoweek.uz – 2020» инновацион ғоялар ҳафталиги доирасидаги кўргазмада ушбу қурилма ҳақида маълумот берди.
Унинг айтишича, қурилма коронавирусни ўлдириш хусусиятига эга бўлиб, бир неча босқичли синовлардан муваффақиятли ўтган.
— Қурилма ўзидан тўйинтирилган электронлар чиқаради. Дастлабки синовларда об-ҳаводаги барча зарарли микробларни йўқ қилди, — деди О.Юсупов. — Уни такомиллаштириб, янги моделини яратгач, коронавирусга ҳам синов ўтказиб кўрдик. Натижалар ижобий чиқди. Қурилма ҳаводаги ва нарсалар юзасидаги коронавирусни буткул йўқ қилди. Мақсадимиз ҳаводаги вирусни зарарсизлантиргандан сўнг, уни ерга тушириб ювиб ташламоқчи эдик. Шу жараёнда ҳаводаги вирусни қобиққа ола олдик. Микроб парчасини ерга туширдик. Кейинги босқичда ниҳоят вирусни ҳавода турган жойида ўлдира олдик. Бу қурилмага вакцина ёки бошқа бирор дори қўшилмаган. Технологиянинг ўзи вирусларни ўлдириш хусусиятига эга. Кашфиётчиларга кўра, ускуна 12 вольтли токда ишлайди. Ток йўқ пайтда батареядан ҳам фойдаланиш мумкин.
«Innoweek.uz – 2020» ҳафталигининг илк кунида мазкур қурилмани ишлаб чиқариш бўйича «Генотехнология» компанияси билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Маълум қилинишича, яқинда қурилмани ишлаб чиқариш ишлари бошлаб юборилади.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги Инновацион ғоялар ҳафталиги 3–8 ноябрь кунлари онлайн тарзда ўтказилмоқда. Халқаро тадбирни ташкил этишда махсус платформа яратилган бўлиб, унда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан 2 минг нафар иштирокчи турли ғоя ва ишланмалари билан қатнашяпти.