«Ўзбеклар теккеси» нима?
Бугун сизларга Истамбулдаги «Ўзбеклар теккеси» ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман. Албатта, бошқа давлатга борсанг-у, ўз миллатинг номи билан боғлиқ жой ҳақида эшитсанг, бориб кўрмаслик айб. Биз ҳам «Ўзбеклар теккеси»ни зиёрат қилдик...
«Текке» нима дегани?
Текке сўзи туркчадан тўғридан-тўғри таржима қилинса, “Дарвешлар уйи” деган маънони беради. Аммо бу сўз ислоҳда ўзимизнинг ҳам тилимизда бўлган, такяхона, мусофирхона деган атамаларга мос келади.
Ҳақиқатан ҳам «Ўзбеклар теккеси» Истамбулда худди шу мақсадда қурилган ва хизмат қилган. Яъни, бу мусофирхона Марказий Осиёдан муборак Ҳаж сафарига йўл олганлар, кўп замонлар Истанбул орқали Маккага борганлар ва мана шу мусофирхонада жам бўлган. Улар ўша замонларда Ислом дунёси халифаси ҳисобланган Турк султонини зиёрат қилиш учун Аюб Султон масжидига бориб, у ерда халифанинг совға-саломларини олиб, сўнгра Ҳаж сафарига жўнаганлар. Ҳаждан олдин халифани зиёрат қилиш Ҳаж одоби саналган.
Маълумот учун айтмоқчиманки, турли даврларда Туркиянинг Истамбулдан ташқари Измир, Адана каби шаҳарларида ҳам ана шундай мусофирхоналар ўзбек сармоядорлари ёки турк ҳукумати томонидан қурилган ва улар турли сабаблар, савдо-сотиқ, Ҳаж зиёрати, ижтимоий тўқнашувлар ва халқ қўзғолонлари каби омиллар туфайли ёки тирикчилик сабабли ўз асл ватанларидан узоқлашган юртдошларимизга бошпана бўлиб хизмат қилган. Бу мусофирхоналар турли замонларда «Ўзбеклар теккеси», «Бухоро ўзбеклари теккеси», «Туркистонлик ўзбеклар теккеси» каби номлар билан аталган.
Озгина тарихдан сўз
«Ўзбеклар теккеси» том маънода миллий ўзликни сақлаш марказларидир. Ўрта аср анъаналарини сақлаб қолган Усмонийлар салтанати XVII–XVIII асрларда ҳам Европа, Осиё, Африка қитъаларида ўнлаб давлатларни ўзида бирлаштирган эди. Арабистон ярим ороли (Ҳижоз, Макка, Мадина) ҳам Усмоний султонлар измида бўлиб, Ўрта Осиё хонликларидан Макка ва Мадина ҳажи зиёратига чиққанлар салтанат пойтахти Истанбул орқали ўтиб қайтган. Улар халифа издоши ҳисобланган Турк султонидан рухсат олиб, унинг паноҳида Ҳаж арконларини бажарганлар. Истанбулгача етиб келган зиёратчилар, шайх ва уламолар, уларнинг шогирдлари бир неча кун ётиб қоладиган бино – текке деб аталган.
Теккеларда кейинчалик Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сулукига кирган шайхлар, уларнинг муридлари хонлар таъқибидан қочиб келиб, муқим яшаб қолганлар. Муҳожир ўзбекларнинг асосий яшаш жойи бўлган теккеларда айрим оилалар ўрнашган ва кейинчалик уй-жой қилиб, кўчиб чиқиб кетаверганлар. Ўзбеклар теккеси биргина Истанбул шаҳрида 8 та бўлиб, улардан фақат учтасининг ўрнашган жойи маълум. Энг олдин қад кўтарган текке – Истанбул шаҳрининг Ускудар мавзесидаги Султонтепа тепалигида жойлашган уч қаватли бинодир. Бу текке Истанбул шаҳрининг Осиё қисмида жойлашган.
Иккинчи текке Истанбул шаҳрининг Европа қисмидаги Сўқили Меҳмет пошшо кўчасида, машҳур Султон Аҳмад масжидидан 200 метр узоқликда жойлашган.
Учинчи текке эса Аюб тарихи масжити яқинида бўлиб, ундан фақат бошланғич мактаб биноси сақланган. 1970 йилларда теккенинг асосий биноси ўрнида Аюб масжити диний ишларининг бошқармаси комплекси қурилган.
Истанбулдаги ўзбек теккелари турли вазифаларни бажарган. Жумладан, Ўрта Осиё хонликларининг ваколатхонаси, ўзбеклар меросини сақлаш жойи, агар мол-мулклар эгаси бўлмаса, мерос текке мулкига ўтказилган теккеларда бошпанасиз одамлар тунаган, маълум муддат яшаган. Ўзбек мусофирлари тўпланиб, палов тайёрлашган, миллий тилда қўшиқлар айтишган. Масалан, Ускудар мавзесидаги текке 1752-1753 йилларда қад кўтарган бўлиб, дастлаб Баҳоуддин Нақшбанд шайхлари ва дарвешлари бошпанаси бўлган. Бу теккедаги барча ўзбеклар асли Бухородан бўлишган. Нақшбандийлик таълимоти тарғиботчиларига маош ҳам берилган. Шайхлар таклифи билан бу текке бир неча бор давлат томонидан таъмирланган.
Туркистон генерал-губернаторлиги (1867-1917) даврида минтақада қўзғолонлар бўлганида Туркия теккесидаги шайх ва уламолардан маънавий мадад олишган. Масалан, 1898 йилда Андижон (Дукчи эшон) қўзғолони вақтида Мадали эшонга турк султони ёрлиғи ва “Мўйи муборак”ни текке шайхи юборган.
Маълумки 1920 йилда Истанбулни инглизлар босиб олган, Туркия мустақиллиги хавф остида қолган. Миллий озодлик ҳаракатига Мустафо Камол Отатурк раҳбарлик қилиб, Ускудардаги ўзбеклар теккеси ватанпарварлар тўпланиб, Онадўли ва Анқарага жўнатиладиган муҳим база бўлган. Истанбул – Анқара алоқаларида муҳим кўприк бўлган теккеда қурол-яроғ, ўқ-дори омборлари ташкил этилган. 1920-1922 йилларда ўзбеклар теккесидан катта миқдордаги қурол-яроғлар, ўқ-дориларга эга бўлган ватанпарварлар кечқурун яширин йўлга чиқишган.
Теккелардан бошпана топган айрим муҳожир ўзбеклар ҳам миллий озодлик учун курашларда бевосита иштирок этган. Жумладан, Ҳожи Йўлдош ва у билан 28 нафар ўзбек миллати вакиллари жангларда иштирок этишгани Туркия тарихида ёзилган. Улар Ўрта Осиёдан Арабистонга Иккинчи жаҳон уруши арафасида ўқишга кетиб, юртга қайтмай Туркия ерларида жойлашиб қолган. Инглизлар узоқ вақт Истанбулдаги теккелар Туркия озодлиги учун курашларда қурол-яроғ омбори бўлганлигини аниқлай олишмаган.
Тарихнинг гувоҳлик беришича, Султон Аҳмаддаги текке шайхи, фиқҳшунос Ато Афанди 1920 йилларда Ўрта Осиёга саёҳат қилган ва Анвар пошо (1881-1922) билан учрашиб, унинг ҳарбийлари сафида қизил армияга қарши жангларда қатнашган. Туркия Республикасига моддий ёрдам беришга қаратилган маблағ тўплаш тадбирини уюштирган ҳам Ато Афанди бўлган.
Хуллас, ўзбек теккелари Усмонийлар салтанатининг ижтимоий, сиёсий, диний, маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган. Истанбулдаги Усмонли идораси Бош архиви ҳужжатлари гувоҳлигича, Қўқон, Бухоро, Хива хонликларидан XVIII–XX аср бошларида турк султони саройига ташриф буюрган элчилар теккеларда бўлиб, уларда истиқомат қилаётган шайх ва уламолардан тегишли маслаҳатлар олишган. 1867 йилда Россия империяси, Бухоро амирлиги билан Усмонийлар салтанати ҳукмдори ўртасидаги келишувга мувофиқ, усмоний подшоҳ текке шайхларидан Сулаймон Афандини вазиятни ўрганиш учун Ўрта Осиёга юборган.
Ускудордаги ўзбек теккеси сўнгги шайхининг ўғли Адҳам Ўзбек Кангўй қуйидагича фикрларни билдирган: “Теккенинг биринчи шайхи – Иброҳим Адҳам Афанди бўлиб, “мингта санъат эгаси” бўлган. У тўқимачилик ва ёғочга ишлов беришда устаси фаранг бўлиб, теккени ҳақиқий музейига айлантирган. Иккинчи шайх – Ато Афанди бўлиб, менинг амаким ҳисобланади. Унинг даврида текке миллий озодлик ҳаракатининг марказига айланган. Бу даврда турк миллатининг машҳур вакиллари Аднан Одил, Меҳмет Акиф Эрсуй, Февзи пошо Чақмоқ кабилар инглизлардан яшириниб, теккедан паноҳ топганлар. Охирги учинчи шайх эса менинг отам – Нажмиддин Афанди бўлиб, унинг даврида текке мусиқа марказига айланди. Мен отам ишини давом эттирдим”.
Ушбу текке майдонида 50 тача қабр бор. Бу мозор текке шайхларига тегишли бўлиб, Бухоро халқ социалистик республикаси ҳукумати раҳбарларидан Усмонхўжанинг (1878–1968) ҳам қабри шу ерда. Унинг ёзувларига кўра, 1925 йилда Туркия Республикаси президенти Мустафо Камол Отатурк барча теккелар фаолиятини тақиқлашга фармон берган. Президент Туркия миллий озодлик ҳаракатида алоҳида хизмат кўрсатган. Ускудордаги ушбу текке ҳозир ҳам фаолият юритяпти. Бизнинг сафаримиз ҳам айнан ана шу теккега бўлди.
Бугунги «Ўзбеклар теккеси»
Бугун «Ўзбеклар теккеси»га раҳбарлик қилиб турган ва текке шайхларининг авлоди бўлган, мен исмини унутган кишининг ҳикоясига қараганда, 1752 йилда турк султони Маҳмуд I Истанбул яқинида ов қилиб юрганида баланд ялангликка тикилган чодирларни кўриб қолади. Табиийки, бу ерда кимлар борлиги билан қизиқади. Маълум бўлишича, бу ерда Ҳаж сафарига отланган бухороликлар вақтинча тўхтаб, сафарга ҳозирлик кўраётган экан. Суҳбат асносида ўзбек ҳожилари шу ерда тўхтаб ўтишлари, Нақшбандия тариқатига мувофиқ зикр ва ибодатларини адо этишларини айтади. Шундан сўнг султон бу ерда ўзбеклар тўхтаб ўтиши учун барча шароитларга эга бўлган такяхона қуришни буюради. Қисқа фурсатда мўъжазгина иншоот қад ростлайди. Бу ерда бир неча оила яшаши, шунингдек, Ҳажга отланган мусофирлар тўхтаб дам олиши, ибодат қилиши, зикр тушиши учун барча шароитлар яратилади.
«Ўзбеклар теккеси» XIX асрда Султон Aбдулмажид томонидан қайта тикланган, катталаштирилган ва тўлиқ уйга айлантирилган. Шунингдек, 1855–1904 йилларда, яъни 49 йил давомида Ускударда шайх бўлган Иброҳим Адҳам уйни илм ва санъат марказига айлантирган. Ўша даврнинг етакчи олимлари ва рассомлари мусофирхонанинг доимий аъзосига айланган.
Бугунги кунда бу ерда «Ҳисор» тадқиқот маркази жойлашган бўлиб, тасаввуф тарихи бўйича илмий изланишлар олиб борилади. Шу билан бирга, дунёнинг турли мамлакатларидан келган сайёҳлар бу мусофирхонага ташриф буюриб, унинг тарихи билан боғлиқ маълумотларга эга бўлади.
Ҳозирда «текке» мажмуаси бир неча оилага ва меҳмонларга мўлжалланган хоналар, масжид, кутубхона, зикрхона, ошхона ва бошқа хоналарни ўз ичига олган. Уйнинг орқа томонидан эса шу ерда вафот этган туркистонликларнинг қабристони ўрин олган. Биз ҳам юртдошларимизни, хусусан, тарихдан яхши билганимиз, Файзулла Хўжаевнинг амакиваччаси, илк социалистик Бухоро давлати раҳбарларидан бири бўлган Усмонхўжа ва унинг рафиқаси Фотимахоним қабрларини зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилдик.
Эътиборимизни тортгани шу бўлдики, ҳозир ҳам бу ерда айрим оилалар доимий тарзда истиқомат қилишар экан. Сиз суратда кўриб турган аёл ўзини Иброҳим Адҳам авлодиданман, деб таништирди, ўзбекман деди, аммо ўзбекча гапира олмади...
Сўнгсўз ўрнида
Истамбулга борсангиз, албатта «Ўзбеклар теккеси»ни ҳам зиёрат қилишни унутманг! Сизнинг ҳам қайсидир бобонгиз муборак Ҳаж сафарига борганида айнан шу мусофирхонада яшаган, унинг излари бу табаррук масканда қолган бўлиши мумкин. Сиз ҳам мен каби ота-боболари тарихидан ажратилган авлод вакилисиз-ку, билмайсиз. Мен ҳам аниқ билмайман, отамнинг бобоси, менинг катта бобом Худойберди ҳожининг Ҳажга борган йиллари айнан халифалик Истамбулда бўлган вақтларга тўғри келади. Балки менинг катта бобом «Ўзбеклар теккеси»да бўлгандир.
Демоқчиманки, сизнинг ҳам бобонгиз излари қолган «Ўзбеклар теккеси»ни зиёрат қилишни унутманг! Зеро, юқорида ёзганимдек, «Ўзбеклар теккеси» – миллий ўзликни сақлаш марказларидир. Ўзлигимизни йўқотмаслик учун ҳам бундай табаррук манзилларни зиёрат қилиб туришимиз шарт.
Каримберди Тўрамурод,
Истамбул, «Ўзбеклар теккеси»дан zarnews.uz сайти учун махсус.