Ўзбекнинг соддадил ва соддатил шоири эди

Сарлавҳани ўқибоқ таъриф кимга тегишли эканини англадингиз. Ҳа, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўз асарлари билан халқнинг дардини, улуснинг қалбидаги айтимларини халқона, оддий ва содда мисраларда ифода этиб, соддалик нафақат гўзаллик, балки таъсирчанлик, меҳрлилик, дилдошлик эканини исботлаб берган эди.

Халқимизнинг ардоқли шоири ҳаёт бўлганида 66 ёшини нишонлаган бўлар эди. Умри қисқа экан, лекин у ижоди, бетакрор шеърий мисралари билан минглаб мухлислари қалбида яшамоқда.

Адабиётнинг, шеъриятнинг асосий қуроли сўздан қачон, қай ҳолда, қай мақсадда ва қай тариқа фойдаланишига боғлиқ. Муҳаммад Юсуф ижодига эътибор қаратсак, шоир асарларининг умрбоқийлиги, ўқувчи қалбига ҳамоҳанглиги, руҳий ва ҳиссий яқинлиги, оҳанги ва ритмикасининг халқоналиги, бадиий манзараларни кўз олдимизда гавдалантира олиши - буларнинг барчасига сабаб оддий сўздан ўринли ва унумли фойдаланишидадир.

Муҳаммад Юсуф шеърларида жимжимадорликни, эмоционал бўёқдор сўзларни, мураккаб ўхшатмалару баландпарвоз ифодаларни учратмаймиз, оддий китобхонга тушунарсиз сўз ва жумлаларга дуч келмаймиз. Балки оддий, содда, одмигина, халқона сўзлар воситасида энг юксак туйғуларнинг ифодасини ўқиймиз ва ўша заҳоти ушбу сўзлар қалбимизга жо бўлади.

Муҳаммад Юсуф шундай ёзади:

Сен шохлари осмонларга тегиб турган чинорим,

Ота десам, ўғлим деб, бош эгиб турган чинорим.

Кўнглимдаги ифтихорим, қўйнимдаги туморим,

Ўзинг менинг улуғлардан улуғимсан, Ватаним!

Ватан осмон қадар буюк, чинор қадар улкан ва барҳаёт, миллатимиз тарихидай боқий, у бизнинг ифтихоримиз, энг улуғ ва мўътабар гўша. Кўриниб турибдики, шоир ишлатган соддагина сўзлар, оддийгина ўхшатишлар Ватан ҳақида самимий тасаввурни ҳосил қилади. Бошқа ўринларда "Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга, Римни алишмасман бедапоянгга!", "Ўлсам ҳам ҳар кун бир гўримдан туриб, Нечун қуллуқ қилмай Андижонга мен!.." каби мисраларни учратиш мумкинки, булар шеър ёзиш учун тўқилган сатрлар бўлмасдан, Муҳаммад Юсуфнинг Ватан ҳақидаги табиий айтимлари бўлиб, улар шеърга айланиб қолган.

Шоир ижодидаги образ ва деталларга эътибор берсак ҳам улар оддий турмуш тарзимизда учрайдиган нарса ва ҳодисотлар эканига диққатимиз жалб бўлади. Лекин ўша кичкинагина элемент шеърда жуда катта маъно ифодалайди, мазмун ташийди: ялпиз, райҳон, лолақизғалдоқ, капалак, дўппи, қора қумғон, тупроқ, пахса девор, лойсувоқ уй... Муҳаммад Юсуф ҳақида гап кетганда, кўпинча уни Ватан ҳақида энг яхши шеърлар ёзган шоирлардан бири деб эътироф этишади. Ҳақиқатан ҳам шундай. Шоирнинг Ватан тафтини, миллатнинг руҳи, ўзбекнинг қадриятлари, халқимизнинг урф-одатлари, удум ва анъаналарини, миллатимиз руҳиятини акс эттирмаган бирорта шеъри йўқ. Муҳаммад Юсуф шеърларидаги содда ва самимийлик унинг турмуш тарзидаги табиий ҳаётий ўзандан сув ичган. Шунинг учун шоир шеърларига, шеърлари эса шоирга ўхшайди.

Шоир шеърларидан бирини "Содда Муҳаммадман, содда Муҳаммад" деб бошлайди. Ҳа, ҳақиқатан у содда ва самимий, манманлик ва амалпарастликдан йироқ, унвон ва мансабни қувмайдиган, камтар, тўғрисўз, ҳалол, адолатли, бир сўзли, соддадил ва соддатил шоир эди.

Мендан нима қолар:

Икки мисра шеър.

Икки сандиқ китоб

Бир уюм тупроқ.

Дарҳақиқат, камтар шоирдан қолган "икки мисра шеър" бугунги кунда ўзбек шеъриятининг гултожи бўлиб, халқимизни ватанпарварлик, юртга муҳаббат руҳида тарбияламоқда. Ундан қолган "икки сандиқ китоб" - олтин сандиқ бўлиб, назм гулшанининг энг қимматбаҳо ва хушбўй ифор таратувчи мулки, кўнгил "дард"ига маънавий малҳам бўлувчи шифо воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. "Бир уюм тупроқ" эса Ватаннинг ҳидини, тафтини, тароватини ифода этувчи тўтиё бўлиб, юртдошларимизни киндик қони тўкилган муқаддас заминга бўлган муҳаббатини улғайтирмоқда.

Маъмуржон САИДХОНОВ,

Андижон давлат университети доценти.