«Ўзбектелеком» алоқа тармоқларини модернизация қилмоқда

"Ўзбектелеком" акциядорлик жамияти Самарқанд филиали томонидан журналист ва блогерлар учун ахборот-коммуникация соҳасида амалга оширилаётган ишлар, фуқаролар мурожаатлари ва уларга хизмат кўрсатиш билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Бугунги кунда “Ўзбектелеком” АК вилоят филиалининг барча шаҳар ва туманлардаги 14 АТС ва 16 та телекоммуникация боғламаси 131 мингга яқин мижозларга хизмат қилади. Жорий йилда вилоят бўйича 6440 километр оптик толали алоқа тармоғи тортиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 1254 километри қурилди. Алоқа қурилмаларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида узилиш кўп кузатиладиган ҳудудларда  155 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиб, мавжуд аккумулятор батареялари янгиларига алмаштирилди. 

- Вилоятда замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яратиш, давлат органларининг аҳоли билан мулоқот қилишининг янги механизмларини жорий этилмоқда, - дейди "Ўзбектелеком" АЖ Самарқанд филиали Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш гурухи бошлиғи Отажон Урчинов. - Шунингдек, барча учун хизмат нархини арзонлаштириш, ҳар тоифадаги абонентлар учун хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиш бўйича ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, тезлик даражаси юқори бўлган тариф режаларда абонент тўлови янада арзонлаштирилган. Аҳолига симли кенг полосали уланиш хизматларини тақдим этишни ривожлантириш, юқори тезликдаги Интернет хизматларидан фойдаланиш учун янада кенг имкониятларни яратилмоқда.

Бироқ, оптик-толали линиялар орқали телекоммуникация хизматларини улаш бўйича сўровларнинг кўплиги сабаб, айрим туманларда хизматларга уланиш муддатлари чўзилаётганлиги кузатилмоқда. Ўз навбатида аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун компания филиаллари томонидан барча имкониятлар сафарбар қилиниб, мавжуд ресурслар ишга солинмоқда. Жумладан, телекоммуникация хизматларида носозликлар юзага келган ҳолларда 1084, шаҳар халқаро телефон тармоғидаги носозликлар юзасидан 1086 қисқа рақамлар орқали фуқаролар томонидан 793 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 90 фоизи ижобий ҳал этилган.

Пресс-тур қатнашчилари филиалнинг Самарқанд шаҳар телекоммуникация боғланмасида ҳам бўлиб, мижозлар билан ишлаш ва уларга яратилган қулайликлар билан ҳам танишдилар. 

- Шаҳарда компаниянинг 75 мингдан зиёд истеъмолчилари бўлиб, уларнинг 67,5 минг нафари хизматларимиздан фаол фойдаланиб келмоқда, -дейди Самарқанд шаҳар телекоммуникация боғланмаси бошлиғи Ўктам Қўшбоқов. – Тезкор алоқа билан таъминловчи компаниялар сони кўп. Шунинг учун улар билан доимий рақобатда ишлашимизга тўғри келади. Ҳозирда 215 маҳалланинг барчаси тўлиб оптик толалик коммуникация тармоқларига уланган. Шунингдек 500дан зиёд ижтимоий соҳа объектларини интернет ва телефон алоқалари билан таъминлаб келяпмиз. Шунингдек, “Ўзбектелеком” АК томонидан ташкил этилган акция ёрдамида кунига 50 га яқин мижозлар тармоқларимизга уланиб, хизматимиздан фойдаланиб келишмоқда.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Гагарин кўчасида жойлашган 234 АТС қарашли мини станцияда 512 та абонент уланган бўлиб, ҳозирда уларнинг 320 таси фаол бўлиб турибди.

-Иккита мини станцияга уланган 1000 га яқин мижозга хизмат кўрсатаман,- дейди алоқани тиклаш мутахассиси Самариддин Муродов. – Кунига 5-6 та мурожаат қилган фуқароларнинг уйларига бориб, алоқани таъминлаб беришга ҳаракат қиламан. Кимнингдир интернети ишламай қолади, яна бировининг алоқа тармоғини улаб бераман. Тезкорликни таъминлаш мақсадида корхона томонидан электроскутерлар олиб берилган. Бу билан ҳам вақтимизни тежаймиз, ҳам шикоятларни тезда ўрганиб қайтамиз.

Вилоятимизда телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш ва илғор жаҳон тажрибасига асосланган энг замонавий алоқа хизматларини жорий этиш энг қисқа вақт ичида «Рақамли Ўзбекистон»га ўтиш учун мустаҳкам замин яратмоқда.

 Дилмурод ТЎХТАЕВ.