“Ўзбектелеком” трансформация қилинади, унинг операцион харажатлари ва таннархи 15 фоизга қисқаради

Давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда олдинроқ “Ўзбектелеком” АКнинг даромадлари ва самарадорлиги бошқа мамлакатлар коммуникация компанияларидан анча паст экани айтилганди.

Президент ўз сўзида мазкур компания бўйича фикрларини давом эттирди:

“Ўзбектелеком” жаҳоннинг нуфузли алоқа компанияларига ўхшаб, давлатга юқори даромад келтирувчи, сифатли хизматларни экспорт қилувчи, юқори технологик, даромадли ва намунали компания бўлиши керак”, деди Президент.

Жорий йилда компаниянинг операцион харажатлари ва таннархини 15 фоизга қисқартириш, июль ойида халқаро рейтинг олишини таъминлаш ва келгуси йил мартда компанияни IPOга чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда ҳозирги мураккаб вазиятда киберхавфсизлик масаласига эътиборни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Жорий йил биринчи чоракнинг ўзида ахборот тизимларига четдан 200 тадан ортиқ киберҳужум уюштирилган.

“Шунинг учун бугун киберхавфсизлик тўғрисида Қонунни имзоладим. Бу янги қонун ҳозирги замон таҳдидларига қарши курашиш учун ҳуқуқий асос бўлади”, деди Президент.