Ўзганинг ҳақи буюрмайди ёхуд "уддабуронлар" қўлга тушди
Кейинги йилларда чекка қишлоқ ва туманлар аҳолисини ҳам табиий газ ва ёқилғи манбалари билан таъминлашга асосий вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Бу эса тегишли идоралар ходимларидан катта масъулиятни талаб этади.
Шунга қарамай, бажараётган вазифасидан манфаат йўлида фойдаланаётган, "ҳамёнини хафа қилмаслик" учун турли қинғир ишларга қўл ураётган кимсалар учраб турибди.
Жумладан, вилоят ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида “Самарқандшаҳаргаз” газ таъминоти бўлимида ўтказилган тадбирда тамагирлик ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, “Самарқандшаҳаргаз” бўлими оператори, 1985 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Самарқанд шаҳрида яшовчи Б.О. маҳаллий фуқаро А.А.нинг табиий газ истеъмолидан мавжуд 5 миллион сўмлик қарздорлигини сўндириш эвазига 2,5 миллион сўм беришини талаб қилиб, ушбу маблағни олаётган вақтида қўлга олинди.
Ўз навбатида, Б.О. аслида, ушбу фуқародан олган пул маблағини воқеа жойига ўзи билан бирга келган “Самарқандшаҳаргаз” бўлими аҳоли истеъмолчилари билан ишлаш оператори А.Ў.га бериши лозимлиги бўйича кўрсатма берган ва мазкур ҳолат тезкор тадбир давомида процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Ҳозирда фуқаролар Б.О. ҳамда Н.Й. ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилмоқда.