"Ўзгидромет" апрель ойида қандай об-ҳаво кузатилиши ҳақида маълумот берди

Баҳорнинг биринчи ойи ҳам якунланди.

Апрель ойининг илк кунлари ҳам ўтмоқда. Об-ҳаво нобарқарор бўладиган ҳақиқий баҳор келганини ҳис қилмоқдамиз.

Ушбу ойдаги ёмғирлар асосан локал характерга эга бўлади. 3 апрелда фақат республикамизнинг шимоли — Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида ёмғир ёғиши кутилмоқда. 4 апрелда жануби-ғарбий ҳудудлар — Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида, 5 ва 6 апрелда эса шимолий ҳудудлар ва Фарғона водийсидан ташқари республикамизнинг қолган ҳудудида айрим жойларга ёмғир ёғади. Шу даврда ҳарорат 17-22 даража илиқ атрофида, айрим кунларда 23-25 даражагача илиқ бўлади.

Кейинчалик, қисқа танаффусдан кейин Ўзбекистонда яна ёмғирли давр бўлиши кутилмоқда. Ундан сўнг апрелнинг охиригача қуруқ ва илиқ даврлар, об-ҳаво нобарқарор бўладиган ёмғирли кунлар билан алмашиб туради. Ёмғирлар асосан қисқа муддатли бўлиб, момақалдироқ бўлади ва шиддатли шамол эсади.

Кундузги ҳарорат 25 даражадан 30 даражагача ўзгариб туради. Апрель ойининг охирги ўн кунлигида 30-33 даражагача кўтарилади. Айрим кунларда ёмғир ёғаётганда ҳароратнинг 13-18 даражагача пасайиш эҳтимоли йўқ эмас.

Умуман, апрель ҳарорат режими бўйича ўртача кўп йиллик қийматларга яқин. Айрим жойларда одатдагидан 1-2 даража илиқ ва ўртача нам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда апрель ойи йилнинг энг ёғинли ойларидан бири ҳисобланади. Одатда, апрелга қараганда фақат март ойи ёғинлар бўйича устун туради. Ўтган 2019 йил апрель ойи эса энг ёғинли, мамлакатимизнинг айрим минтақаларида эса Ўзбекистондаги бутун метеорологик кузатувлар тарихи давомида энг ёғинли деб қайд этилган.