Ўзини ўзи банд қилганлар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмайди ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиш бўйича фаолият турларининг 67 тагача кенгайтириш асосида рўйхатга олиш тартиби жорий этилади.
Ўзини ўзи банд қилганлар – бу хизматлар кўрсатишда мустақил равишда шахсий меҳнати билан иштирок этадиган, меҳнат даромадини олиш учун иш олиб борувчи шахслар. Бунда улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмайди ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайди.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишни хоҳловчилар буни “Soliq” мобил иловасидан фойдаланган ҳолда ёки жисмоний шахсларнинг шахсий кабинети орқали масофадан туриб, бепул амалга ошириши мумкин.
“Soliq” мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтиш учун ПИНФЛ (ЖШШИР)ни киритиш талаб этилади. Ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг даромади Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.
Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар 2020 йил учун камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи, яъни 111 500 сўм миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди. Шунингдек, ижтимоий солиқ тўланган йил бир йиллик меҳнат стажига киритилади.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.