Ўзини Президент администрацияси раҳбари деб таништириб, пул маблағларини ўзлаштирган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Номаълум шахс президент Шавкат Мирзиёев номидан «Facebook» ижтимоий тармоғида сохта профиль очиб, фуқаролар билан мулоқотга киришганлиги аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

 Фуқаро ўзини Президент администрацияси раҳбари деб таништириб, турли масалаларда, жумладан уй-жой ва банк кредитлари ажратиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилишини ваъда қилиб, фуқаролардан 50 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача бўлган пул маблағларини банк пластик картасига ўзлаштиргани маълум бўлди.

Ушбу ноқонуний ҳаракатларни Чирчиқ шаҳар 3-кичик туманида вақтинча яшовчи М.М. (1982 йилда туғилган) содир этганлиги аниқланди.

Фуқарога нисбатан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.