O’zLiDeP сайловда ғалаба қозониш учун замонавий PR-технологиялардан самарали фойдаланмоқчи
Шу мақсадда, пойтахтда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон-либерал демократик партияси сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси томонидан жойлардаги партия ташкилотларининг сиёсий таълим марказлари ва матбуот хизмати раҳбарлари, мафкура бўлим мудирлари учун икки кунлик ўқув семинар ташкил этилди.

Семинарда Сайлов кодексининг қабул қилиниши, мамлакат ижтимоий-сиёсий майдонида яна бир сиёсий партиянинг вужудга келиши, бошқа бир қанча омиллар бўлажак сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, очиқлик, ошкоралик тамойиллари, кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида бўлиб ўтиши кутилаётганлиги таъкидланди.
- Бу эса, ўз навбатида, O‘zLiDePнинг барча тузилмалари, депутатлик корпуси олдига партиянинг ушбу сайловларда муносиб ва самарали иштирокини таъминлаш борасида қатор вазифалар қўяди. Ушбу вазифалар турли даражадаги вакиллик органлари депутатлигига муносиб номзодларни, партия кузатувчилари, ишончли вакилларини танлаб олиш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш масалаларидан тортиб, то партиянинг ўз электорати, сайловчилар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, замонавий PR-технологиялардан фойдаланиш каби масалаларни қамраб олади,- деди тадбирда партия сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Д.Шоумаров.

Семинарда Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаевнинг “Сиёсий дебатлар ва сайлов жараёнида сиёсий дебатларни ташкил этиш усуллари” ҳамда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети Журналистика факультетининг катта ўқитувчилари Наргис Қосимова ва Беруний Алимовларнинг “Бугунги ахборот маконида сиёсий РR технологиялари ва тенденциялари” мавзусидаги маърузалари барчада катта таассурот қолдирди.

Сир эмаски, айни кунларда матбуот нашрларидан кўра ижтимоий тармоқларнинг ўқувчиси кўпчиликни ташкил этмоқда. Сайлов жараёнларида ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг аҳамияти ва замонавий усуллари мавзусида таниқни блоггер Нозим Сафарий билан ўтказилган очиқ мулоқот шаклдаги амалий машғулотда иштирокчилари бу борадаги билимларини яна бир карра мустаҳкамлади.
Ўқув семинарида партиянинг янгиланган дастури ва сайловолди лойиҳаси муҳокама қилинди ҳамда таклиф ва тавсиялар ўрганилди.
Бахтигул Каршиева,
O’zLiDeP Самарқанд вилоят
Кенгаши матбуот котиби.