Пандемия даврида аҳолининг қанчаси ишсиз қолди, қанчаси ишга жойлашди?
- Пандемия даврида вилоятимизда ишсизлик даражаси қанчага ошди?
- Вилоятда 2019 йил якунида 148 423 нафар ишсиз қайд қилинган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорак якуни бўйича ишсизлар сони 155 925 нафарга етди. Ишсизларнинг энг кўпи Самарқанд шаҳри (23 280 киши), Ургут (18 358 нафар) ва Паст Дарғом (15 379 нафар) туманларига тўғри келмоқда.
- Пандемия даврида чет давлатлардан вилоятимизга қанча фуқаро қайтиб келди?
- Коронавирус касаллигининг дунё бўйлаб тарқалиши сабаб хорижда истиқомат қилаётган фуқароларимизнинг кўпчилиги ишсиз қолиб, ватанга қайтди. Жорий йилнинг май ҳолатига кўра, вилоятимизга 25 327 нафар фуқаро чет давлатлардан уйига қайтиб келди. Хориждан қайтган фуқароларнинг энг кўпи Самарқанд шаҳрига (5176 нафар), энг ками Қўшработ туманига (195 нафар) тўғри келмоқда.
- Чет давлатлардан қайтиб келган фуқароларнинг қанчаси иш билан таъминланди?
- Вилоятимизга хориждан қайтиб келган фуқароларнинг 5214 нафари ишга жойлаштирилди. Масалан, Самарқанд шаҳрида 1081 нафар, Ургут туманида 596 нафар, Паст Дарғом туманида 571 нафар фуқаро ишли бўлди.
- Ногиронлиги бўлган шахслар учун қанча иш ўринлари яратилди?
- Ногиронлиги бўлган шахслар учун вилоятимизда жами 328 та иш ўринлари яратилган.
- Пандемия даврида қанча фуқарога ишсизлик нафақаси тўланди?
- Ишсизлик нафақаси йиллик режага асосан 2277 нафар фуқарога берилиши керак эди. Пандемия сабаб шу давргача 2093 нафар фуқарога ишсизлик нафақаси тайинланди. Туманлар кесимида айтадиган бўлсак, энг кўп Самарқанд тумани (353 нафар), энг кам Булунғур тумани (70 нафар) фуқароларига ишсизлик нафақаси берилди.
- Карантин сабаб кўплаб фуқаролар ишидан айрилди. Ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга тадбиркорлик қилиш учун қанча субсидия ажратилди?
- Аслида режага кўра 714 нафар фуқарога субсидия ажратиш кўзда тутилганди. Пандемия сабаб фуқароларни тадбиркорлик қилишга шароит яратиш мақсадида 2537 нафар кишига субсидия ажратилди. Масалан, қишлоқ жойларида фуқароларга шахсий томорқаларида енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун январь-май ойларида жами 4 миллиард 749 минг 200 сўмлик субсидиялар берилди.
Саволларга Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи Музаффар ҲОШИМОВ жавоб берди.