Пандемия инқирозидан иқтисодиётни қандай қутқариш мумкин?

Коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиши жаҳон иқтисодиётини оғир аҳволга солиб қўймоқда. Ўзбекистон ҳам бу синовдан четда қолгани йўқ. Шубҳасиз, пандемия келтирадиган йўқотишларнинг олдини олиш, унинг оқибатларини имкон қадар юмшатиш, турли менежмент фаолиятини илм-фан билан уйғунликда амалга оширишга боғлиқ.
Пандемия оқибатларини юмшатиш, аҳоли турмуш даражаси кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда аҳолининг кундалик эҳтиёжларини қондириш ва мўътадил даражада сақлаб қолиш учун кенг кўламли чоралар амалга оширилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи кескин ошиб кетмаслиги учун нарх-наво давлат органлари томонидан назоратга олинган. Уларнинг анъанавий тарзда импорт қилинадиган оммабоп турлари бўйича узилиш сезилмаяпти.
Республика комиссияси томонидан ишлаб чиқариш қувватларидан имкон қадар самарали фойдаланиш, мавжуд ишчи ўринларини қисқаришига йўл қўймаслик, ходимлар маошларининг ўз вақтида тўланиши ва бошқа муҳим иқтисодий-ижтимоий чора-тадбирлар қўлланилмоқда. Президентимиз бу борада ўтказган видеоселектор йиғилишларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий фаолиятни ички бозор эҳтиёжларига мослаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш буйича тижорат банклари, республика ва маҳаллий бошқарув органлари зиммасига аниқ вазифалар юклади.
Менимча, бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири - бу энг паст поғонадаги бошқарув фаолиятини янгича усуллар билан амалга оширишдир. Мисол учун, охирги йилларда чакана савдо фаолиятида шаклланган тизим бугунги шароитга мутлақо тўғри келмайди. Масалан, жамоат транспорти ўз фаолиятини умуман тўхтатган шароитда арзонлаштирилган гўшт, картошка ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар савдосини деҳқон бозорларида ташкил этиш ғояси мантиққа зид нарса эмасми? Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини юк автомобилларига жойлаштириб, фуқаролар учун қулай жойларда савдони ташкил этишга нима тўсқинлик қилади? Ёки сут маҳсулотларини олайлик. Шу пайтгача шаҳар аҳолисини асосан норасмий фаолият кўрсатадиган "Дамас"чилар ёки оддийгина қишлоқ аёллари таъминлаб келган. Ҳозирда бунинг иложи йўқ. Чунки жамоат транспорти фаолияти тўхтатилган. Унда шаҳарлик аҳоли, жумладан, ёш болалар ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёждан бутунлай воз кечиши ва иммунитетини пасайтириши керакми?
Қолаверса, қишлоқ аҳолисининг катта қисми учун айнан сутни шаҳарга келтириб сотиш яхши даромад келтиради. Карантин вақтида кўчаларда нон ташувчи машиналарни деярли учратмайсиз. Ваҳоланки, саноат йўли билан ишлаб чиқарилган қолипли нон ҳар бир маҳалладаги озиқ-овқат дўконида бўлиши шарт. Ҳамма оилаларнинг ҳам ресторанда тайёрланган ва таксичилар ёрдамида етказиб бериладиган иссиқ овқат истеъмол қилишга қурби етмайди. Шуни инобатга олиб, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган ошхоналар танлаб олиниб, нисбатан арзон иссиқ овқатлар тайёрлаш йўлга қўйилса бўлмасмикин?
Яна бир таклиф. Туманлардаги аҳоли томорқасидан фойдаланиш ишларини шаҳарларда ҳам жорий этиш лозим. Шаҳарда ҳовлиларда яшайдиганларни мевали дарахт кўчатлари ва уруғлар билан таъминлаш лозим. Чунки ҳозир ҳар бир кун ҳам, ҳар бир қарич ер ҳам ғанимат. Вилоятимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос хусусиятга эга ва карантин пайтидаги ташкилий чора-тадбирлар ягона тизим асосида эмас, балки ҳудуд хусусиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши зарур.
Келинг, пандемия туғдираётган қийинчиликларнинг давомийлигига макроиктисодий мавқеидан туриб назар ташлайлик.
Хитойда бошланган Коронавирус пандемиясининг асоратлари бутун дунё мамлакатларининг иқтисодий фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, стратегик ҳамкор давлатларимиз бўлган Хитой, Россия ва бошқа давлатлар иқтисодиёти ҳам бу вирусдан анча катта зарар кўради.
Ўзбекистоннинг 2019 йилдаги ташқи савдо айланмаси 42 миллиард доллардан ошган ва унда Хитойнинг улуши 15 фоиздан кўпроқ эканлигини инобатга олсак, ушбу фаолиятдан кутиладиган йўкотишлар кўлами анча катта бўлади. Бунинг учун 2-3 миллиард долларлик асбоб-ускуналар ўз вақтида етиб келмаслиги ёки табиий газ ва рангли металлар экспорти камайишининг ўзи иқтисодиётимизга салбий таъсир қилади.
Мамлакатимизнинг яна бир муҳим стратегик ҳамкори бўлган Россия биз учун нафақат ташқи савдо фаолияти, балки меҳнат муҳожирларини қабул қилиш ва уларни иш билан таъминлаш борасида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, охирги йилларда Россияда қарийб 2,5 миллион ватандошимиз вақтинчалик ишлаб, оилаларига йилига 4 миллиард долларга яқин маблағ юборишган.
Хўш, Евроосиё иқтисодий иттифоқида етакчи мамлакатдаги ҳозирги иқтисодий ҳолатни қандай баҳолаш мумкин? Россиянинг иқтисодий аҳволи биринчи навбатда, нефть ва табиий газнинг жаҳон бозоридаги конъюнктурасига боғлиқ. Охирги бир ой давомида нефтнинг нархи икки бараварга пасайди ва фақат шунинг ҳисобидан Россия йиллик ҳисобда 70-75 миллиард долларлик даромаддан маҳрум бўлмоқда. Натижада, аллақачон, рубль долларга нисбатан 12-15 фоизга арзонлади. Бу эса муҳожирликдаги ватандошларимизнинг даромадлари шунга мос тарзда камайганини англатади. Энергия ресурслари савдосидан келиб тушадиган даромадларнинг камайиши Россия меҳнат бозоридаги мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Биз бунинг натижасида вужудга келадиган муаммоларга тайёр бўлишимизни англатади.
Қўшнимиз бўлган Қозоғистондаги иқтисодий ҳолат ҳам кундан кунга мураккаблашиб бормоқда. Шуни инобатга олиб, мамлакат ҳукумати инқирозга қарши фондга 13 миллиард доллар ажратишни режалаштирмоқда.
Бундай вазиятларда уларга яқин мамлакатлар ҳам азият чекади. Лекин дунёнинг етакчи иқтисодчи олимлари анчадан буён жаҳон иқтисодиёти навбатдаги глобал инқироз арафасида эканлиги тўғрисида огоҳлантириб, ҳар қандай мамлакат унинг оқибатларини бартараф этишга тайёр бўлишига чақираётган эди. Жаҳон иқтисодиётининг келажаги ушбу сигналларнинг инобатга олинганлиги, иқтисодий хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилган чора-тадбирларнинг самарадорлигига боғлиқ. Умид қиламизки, Ўзбекистонда охирги уч ярим йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар халқимиз бошига тушган бу синовни катта талафотларсиз енгишга хизмат қилади.
Иқтисодий фаолият ҳамиша иқтисодий ресурслар танқислиги шароитида амалга оширилади ва унинг самарадорлиги турли хил вариантлардан энг мақбулларини танлаб олишга боғлиқ. Шу ўринда бир ғояни келтирмоқчиман. Карантин пайтида кам таъминланган фуқароларга кунига 10 минг сўмдан ёрдам пули берилганда ҳам бир ойда бу 1 триллион сўмдан ошади. Аммо бу тариқа амалга ошириладиган молиявий ёрдамни инфляция пучга чиқариши ҳеч гап эмас. Бунинг ўрнига сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига қулай фоизларда кредитлар ажратилса, қўшимча етиштирилган маҳсулот бозор нархининг пасайишига олиб келади ва аҳолимиз турмуш фаровонлигини таъминлайди.
Ҳисоб-китобларга кўра, 500 миллиард сўмлик банк фоизи преференциялари қўшимча тарзда 1,5 миллион тонна сабзавот ва 800 минг тонна картошка етиштириш учун имконият яратади. Шу вақтгача шунга ўхшаш илмий ёндашувларга етарли эътибор берилмади. Натижада кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишига қарамасдан, Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва иқтисодий ривожланиш ўртасидаги номутаносибликни ҳозиргача бартараф эта олмаяпмиз. Бунинг асосий сабаби иқтисодий фаолият ва ички илмий салоҳият ўртасида мустаҳкам кўприк яратилмаганида.
Илмийликдан узоқлашганимизни исботлайдиган энг оддий мисол - бу мисли кўрилмаган даражадаги хуфиёна иқтисодиёт. Шу билан бир қаторда, реал сектор тармоқлари самарадорлиги мавжуд имкониятларга нисбатан жуда паст эканлигини ҳам инкор этиб бўлмайди ва аграр соҳа бундан мустасно эмас. 400 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаган томорқачиларнинг ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотидаги улуши республика экин майдонларининг учдан икки қисмини эгаллаб турган фермер хўжаликлариникидан кўра салмоқлироқ. Сабаб нимада?
Мана оддий мисол. Ғалла-сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги 20 гектарлик хўжаликнинг 15 гектарида ғалла етиштиради. Энди тасаввур қилинг, амалдаги харид нархлар доирасида ҳар гектарга экилган ғалладан олинадиган фойда 1 миллион сўмдан ошмаса-ю, янги тракторнинг нархи 300 миллион сўм бўлса, самарадорлик бўладими? Қолган 5 гектарда сабзавот экилади, деб фараз қилайлик. Хўжалик механизмининг саёзлиги туфайли маҳсулот эркин савдо учун эмас, балки қайта ишлаш корхоналари буюртмаси асосида етиштирилади. Натижада аҳолининг сабзавотга бўлган талабини қондириш даражаси пасаяди, бу эса деҳқон бозорларидаги нархнинг ўсишига олиб келади. Саноат корхоналари хомашёни бозордагидан анча паст нархга сотиб олишга мажбур, шундай қилинмаса, тайёр маҳсулот солиқлар, банк фоизлари ва бошқа қайта ишлаш ҳамда транспорт харажатлари ҳисобидан экспортга яроқсиз бўлиб қолади. Демак, фермер хўжалиги қолган экин майдонларидан ҳам юқори даромад олиш имкониятига эга эмас. Нега деганда меҳнат унумдорлиги паст, маҳсулот таннархи эса бунинг акси. Республикада бундай туманлар 38 та, хўжаликларнинг умумий сони эса 20 мингдан кам эмас.
Ишнинг кўзини биладиган тадбиркорлар фермердан ерни ижарага олиб помидор экади ва бир мавсумнинг ўзида замонавий уй ёки енгил машина сотиб олади. Фермер эса қарзга ботмаганига шукур килади. Ана сизга манфаатлар тўқнашуви ва бу микроиктисодиёт даражасидаги кичкина парадокслардан бири. Бундан жумбоқлироқ нарса шуки, Ўзбекистон 4 миллион гектар суғориладиган ерга эга мамлакат бўла туриб, шу пайтгача аҳоли ўз даромадларининг 70 фоизини, кам таъминланган оилалар эса бундан ҳам кўпроқ қисмини овқатланишга сарфлайди. Ваҳоланки, иқтисодий фаолияти илм-фанга таянадиган мамлакатларда бу кўрсатгич 25-30 фоиздан ошмайди.
Бу ҳолатни қисқа фурсатда ўзгартириш учун нима қилиш керак?
Биринчидан, мамлакатимизда агрокластерлар фаолият бошлаганидан бери уч йил ўтди. Аммо соҳани бошқариш, айниқса, молиялаштириш тизимини рисоладагидек, деб бўлмайди. Битта хўжалик 4-5 кластер таркибига киради. Бундай ҳолатни бошқа давлатларда учратмайсиз. Қизиғи шундаки, бундай эксперимент иқтисодчи-агроном, ҳисобчи ва муҳандислар иштирокисиз амалга оширилади. Карантин шароитида аҳоли даромадлари камайиши эҳтимоли таъсирида картошка ва сабзавотларга талаб ортмоқда.
Лекин деҳқонларга ажратиладиган банк кредитлари ставкалари қай тарзда янгиланиши борасида ҳалигача аниқлик киритилмаган. Агар улар 22-25 фоиз даражасида сақлаб қолинса, картошканинг ялпи ҳосили башорат қилинаётган 2,8 миллион тонна эмас, балки рационал меъёрлар (2 миллион тонна)дан ҳам кам бўлиши мумкин. Чекланган кредит ресурслари "Ҳар бир синглимга бир жуфт сирғадан" деган тамойил асосида эмас, балки аниқ ва самарали лойиҳаларга асосланиб, биринчи галда, агросаноат комплекси ва унинг ривожланишига хизмат қиладиган соҳалар ўртасида тақсимланса, озиқ-овқат хавфсизлиги тубдан мустаҳкамланади.
Иккинчидан, чорванинг 90 фоизи аҳоли хонадонларида боқилади. Бу эса гўшт ва сут етиштириш соҳасини илм-фанга таяниб ихтисослаштириш ва концентрациялаш йўли билан ривожлантиришга, пировардида нархларни пасайтиришга имконият бермайди. Пандемия туфайли чорвачилик соҳасида қўшимча қийинчиликлар вужудга келиш эҳтимоли катта. Шунинг учун молиялаштириш тизими ўзига хос томонларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилиши лозим. Параллел тарзда ҳал этилиши зарур бўлган долзарб масала - бу вақтни бой бермасдан мустаҳкам озуқа базасини яратишга киришишдир.
Учинчидан, агросаноат соҳасининг хўжалик механизми ички бозор талабларини қондириш томон қайта кўриб чиқилиши лозим. Чунки юқорида қайд этилган нуқсонлар таъсирида оддийгина 1 литрлик идишга қадоқланган помидор-бодринг консерваси янги йилга етмасдан 10 минг сўмга чиқади.
Тўртинчидан, статистик фаолиятни замон талаби даражасига келтириш лозим. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2019 йилда 11 миллион тоннага яқин сабзавот етиштирилган. Рационал меъёрларга кўра, мамлакат аҳолисининг сабзавотга бўлган йиллик эҳтиёжи 3,5 миллион тоннани ташкил этади. 1 миллион тоннага якин маҳсулот экспорт қилинган. Агрокластерларнинг йиллик қайта ишлаш қуввати 500 минг тонна атрофида. Кўриниб турибдики, рақамлар бир-бирига қовушмайди. Сабаб шундаки, на томорқаларда, на фермер хўжаликларида ҳисобот тўғри йўлга қўйилмаган. Жойларда эса ушбу муаммони рақамли иқтисодиётга таяниб бартараф этишга қаратилган ҳеч қандай интилиш кўзга ташланмайди.
Кўриниб турибдики, ички бозорни деҳқончилик маҳсулотлари билан тўйинтириш, уларни аҳолимизнинг тўловчанлик қобилиятига мос келадиган нархларда ишлаб чиқариш, пандемия шароитида ижтимоий ҳимоянинг энг қулай ва самарали воситаси. Ушбу мақсадга эришишнинг асосий йўли - бу шубҳасиз, фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришдир. Бунинг учун ихтисослаштирилган, инновацион технологияларга асосланган йирик давлат агросаноат бирлашмаларини ташкил этиш керак ва уларни пандемия тугагач, ҳеч қандай қийинчиликларсиз хусусийлаштириш мумкин.
Шундай йўл тутсак, аграр соҳага замонавий илм-фан ютуқларини тезроқ жорий этиб, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш, пировард натижада унинг рақобатбардошлигини таъминлаш истиқболлари кенгаяди. Меҳнат сиғими юқори бўлган саноат тармоқларини ривожлантириб, ҳам аҳоли турмуш даражасини тубдан яхшилашга, ҳам меҳнат миграцияси торайишидан келиб чиқадиган муаммоларнинг олдини олишга эришамиз. Рақамли иқтисодиёт ва маркетинг тадқиқотларига таяниб давлат ва оилалар бюджетини мақбуллаштириша олсак, инфляция суръатлари ва банк фоизлари кескин пасаяди. Натижада инвестицион фаолиятнинг самарадорлиги ошади. Бу эса иқтисодий ўсишга асосан ички потенциал ҳисобидан эришишга имконият яратади. Бизда бошка йўл тутишнинг иложи ҳам қолмаяпти. Нега деганда бундан кейин хорижий инвесторлар ўз имкониятларини коронавирус келтириб чиқарган муаммолар ечимига қаратишга мажбур бўлишади.
Тан олиш керакки, пандемия узоқ йиллар давомида мамлакатимиз иқтисодиётида вужудга келган номутаносибликларни бартараф этиш учун яхши имкониятлар яратмоқда. Мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимига хизмат қиладиган таклифларни биз фақат аграр соҳа мисолида кўриб чиқдик. Аммо Президентимиз таъкидлаганидек, ҳозирги шароитда иқтисодиётимизнинг барча соҳалари такомиллаштиришга муҳтож.
Бундай ҳолат республика ва маҳаллий бошқарув органларидан илмий салоҳиятга таяниш ва жадаллик билан ноанъанавий усулларни қўллаш йўлига ўтишни тақозо этади.
Илҳом ВАФОЕВ,
иқтисодчи.