Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Пандемия даврида тўланмай қолган фоиз тўловлари имкониятга қараб, келгуси ойларнинг асосий қарз ва фоизларига қисман қўшиб тўланиши керак

Жорий йил 13 ноябрь куни Zarnews.uz сайтида “Самарқандда Миллий банк мижозларидан 3 кунда кредит қарздорликни тўлаш талаб килинаяпти. Банк қанчалик ҳақ?” сарлавҳаси билан мурожаат эълон қилинди.

Мазкур мурожаат “Ўзмиллийбанк” АЖ Самарқанд вилояти филиали амалиёт бошқармаси масъул ходимлари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди.

Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тавсияларини инобатга олиб, “Ўзмиллийбанк” АЖ Самарқанд вилояти филиали томонидан бир томонлама, жисмоний шахсларга ажратилган барча турдаги кредитлар бўйича жорий йилнинг апрел-июнь ойларига тўғри келадиган асосий қарз (шу жумладан, март ойининг тўланмай қолган қисми) тўловлари жадвалининг қолган даврига тенг равишда тақсимланган ҳолда кўчирилган. Фоиз тўловлари эса берилган муддат ичида тўланиши керак. Тўланмай қолган фоиз тўловлари учун пеня ҳисобланмаган.

Қорасув массивидаги 12-16 қаватли уй-жойда яшовчиларнинг аксарияти пандемия даврида 3 ойдан 6 ойгача кредит фоизларини ёпмаган. Бу эса банкда молиявий қийинчиликлар туғилишига сабаб бўлмоқда.

Самарқанд шаҳар Мотрит қўрғони, Қорасув массивидаги ипотека кредити асосида ажратилган хонадон соҳибларига юборилган СМС- хабарномалар 2020 йилнинг октябрь ва ноябрь ҳолатига муддати ўтган қарздорликларни сўндириш учун юборилган огоҳлантиришлар ҳисобланади.

Банк пандемия даврида тўланмаган кредит фоизларини аҳолига 3 кун муддат ичида тўлаш мажбуриятини юкламаган. Лекин пандемия даврида тўланмай қолган фоиз тўловларини имкониятидан келиб чиқиб, келгуси ойларнинг асосий қарз ва фоизларига қисман қўшиб тўланиши керак.

 

О.ТУРСУНОВ,

“Ўзмиллийбанк” АЖ Самарқанд вилояти филиали бошқарувчиси.