Парламентда ёшларнинг ўрни бор(ми)?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”нинг биринчи таъсис йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда «Ёшлар парламенти» раиси ва унинг ўринбосарлари сайланди. Шунингдек, «Ёшлар парламенти» қўмиталари тузилиб, қўмита аъзолари, раислари ҳамда уларнинг ўринбосарлари сайланди.

Тадбирда таъкидланганидек, жаҳон миқёсидаги парламентларда 30 ёшгача бўлган депутатлар 2016 йилда 1,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб бор-йўғи 2,2 фоизга етди. Парламентлар юқори палаталарининг 76 фоизида 30 ёшгача бўлган депутат ёки сенат аъзолари умуман мавжуд эмас. 2016 йилдан бугунги кунга қадар ёш эркак парламентчилар сони ёш аёл парламентчиларга нисбатан кескин ўсган. Мамлакатимизда бу кўрсаткич 6 фоизни ташкил этмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, республикамизда қизғин сиёсий курашлар остида ўтган сайловлар натижасида янги парламент қуйи палатаси депутатларининг таркиби шаклланди. Уларнинг 48 нафарини аёллар, 9 нафари, яъни 6 фоизини ёшлар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ўтган чақириққа нисбатан 3 фоизга кўпдир.

Парламентда ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини яхшилашда, қонун ижодкорлигида ёшларнинг ролини оширишда навбатдаги муҳим қадам ташланди. Яъни, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузурида 250 нафар аъзосидан иборат “Ёшлар парламенти” ташкил этилди.

Видеоконференция тарзида ташкил этилган йиғилишда Самарқанд шаҳридаги ёшлар маркази биносида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда вилоятдан “Ёшлар парламенти”га сайланган 16 нафар, республика комиссиясининг тавсиясига кўра унга киритилган 8 нафар, жами 24 нафар ёш иштирок этди.

Йиғилишда билдирилган таклиф ва тавсиялар, мулоҳазалар ҳамда сайлов жараёнида келиб тушган таклифлар асосида “Ёшлар парламенти”нинг иш режаси ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.

Ғофиржон Бобобеков.