Партия сайловолди дастури лойиҳаси муҳокама этилди
Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат!” мономарказида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди.
Партия вилоят кенгаши масъуллари ва депутатлар, “Ёшлар қаноти” фаоллари ҳамда талаба ёшлар иштирок этган муҳокамада партиянинг келгуси беш йилликдаги мақсад-вазифалари хусусида сўз юритилди.
– Барқарор иш жойларини яратиб, камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилишнинг маҳаллабай дастурларини ишлаб чиқиш, туман, шаҳар ва маҳаллаларнинг алоҳида мастер-режалари устида ишлаш асосий устувор вазифаларимиздан биридир, – деди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Асланов партия сайловолди платформаси ҳақида сўз юритиб. – Партиямиз келгуси беш йилликда ёшлар бандлиги ва ишбилармонлигини фаол қўллаб-қувватлайди. Хусусан, ишсиз ёшларни замонавий касбларга ўқитиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, корхоналар буюртмаси асосида касбга тайёрлаш амалиётини жорий қилиш, ҳар бир вилоятда камида 100 гектар майдонда “Ёшлар ижтимоий-иқтисодий маркази”ни ташкил қилишга эришиш ва ушбу марказларни ёшларимиз учун чинакам “лойиҳалар фабрикаси” айлантириш кўзда тутилмоқда.
Партия сайловолди платформасида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш учун микромолиялаш хизматларини кенгайтириш ва замонавий молиявий инструментлардан кенг фойдаланиш учун имкониятлар яратиш, ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларимизга бир йиллик ижара харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш, талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизимини ривожлантириш каби вазифалар ҳам белгиланган.
– Сайловолди дастур лойиҳасида мактабларида 153 мингдан ортиқ синф раҳбарлари учун тўланадиган маблағ миқдорини кўпайтирилиши, 2030 йилгача қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрнини яратган ҳолда таълим сифатини тубдан яхшилаш ва илм-фанга йўналтирилган маблағларни ялпи ички маҳсулотдаги улушини 2030 йилгача 10 баробар ошириш ҳақидаги таклифлар мени қувонтирди, – дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгаши ёшлар қаноти фаоли, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ректорининг ёшлар сиёсати бўйича маслаҳатчиси – ёшлар етакчиси Бекзод Бурхонов. – Шунингдек, олий таълим муассасалари ҳузурида ташкил қилинган “Карьера ва стажировка марказлари” фаолиятини такомиллаштириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун ҳар бир маҳаллада “Мустақил ривожланиш” марказлари ташкил этиш каби таклифлар ҳам жуда долзарбдир.
Учрашув давомида партия сайловолди дастури лойиҳасига бир қатор таклифлар билдирилди.