Паст Дарғом тумани ҳокими юқори ҳосил олган фермерларга автомобиль ваъда қилди

2019 йил пахта ҳосилидан юқори натижаларга эришиш – долзарб масала. Бу борада Паст Дарғом туман ҳокимлиги ишни уюшқоқлик билан ташкил этиб, пахтадан юқори ҳосил олган фермер хўжалик раисларига мукофотлар тақдим этишни эълон қилди.

Мукофотлаш тартиби бўйича фермер хўжалиги пахта майдони 30 гектардан 50 гектаргача бўлган энг юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжалиги раисига «Nexia-3» 2-позицияли LT автомобили, пахта майдони 50 гектардан 100 гектаргача бўлган фермерлар ўртасида энг юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжалиги раисига «Nexia-3» 3-позицияли LTZA-T автомобили, пахта майдони 100 гектардан 200 гектаргача бўлган фермерлар ўртасида энг юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжалиги раисига «Lacetti-2» русумли 1-позицияли DC SX B3 автомобили, пахта майдони 200 гектардан ортиқ бўлган энг юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжалиги раиси учун «Lacetti-2» 3-позицияли BVD B3 A/T автомобили берилиши белгиланган.

Шунингдек, тумандаги муқобил МТПлар ўртасида энг юқори ҳосилдорликка эришиб, биринчи ўринни олган ММТП раисига «Lacetti-2» 3-позициядаги BVD B3 A/T автомобили, иккинчи ўрин соҳибига «Nexia-3» 3-позицияли LTZA-T, «Nexia-3» 3-позицияли LTZA-T, учинчи ўринни олган ММТП раисига «SPARK» автомобили бепул мукофот сифатида тақдим этилиши белгиланди.

Бундан ташқари, фермер хўжалик раҳбарларини пул мукофоти билан тақдирлаш бўйича ҳам туман ҳокимлигининг чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Унга кўра, пахта майдони 5 гектардан 20 гектаргача бўлиб, белгиланган режани биринчилар қатори бажарган фермер хўжалик раиси 3 млн.сўм, 20 гектардан 50 гектаргача пахта майдонига эга фермер хўжалик раиси 5 млн сўм, 50 гектардан 100 гектаргача бўлган майдон эгаси 10 млн сўм, 100 гектардан 200 гектаргача бўлган фермер хўжалиги 15 млн. сўм, 200 гектардан юқори бўлган хўжалик раиси эса 20 млн. сўм пул мукофоти билан тақдирланади.

Отабек ЭРГАШЕВ.