Паст Дарғом тумани Меҳнат маҳалла аҳолисига сув керак, ваъда эмас

Жорий йилнинг 31 март куни вилоят телерадиокомпаниясининг “Очиқ мулоқот” кўрсатувида Паст Дарғом тумани ҳокими Шунқор Худойбердиев, сектор ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, аҳолидан тушган мурожаатларга жавоб қайтарган эди.

 Хўш, қарийб ўтган эллик кун муддат давомида нечта фуқаронинг мурожаатига ечим топилди?

Туман ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, аҳолидан “Очиқ мулоқот” кўрсатувига 97 мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 54 таси ижобий ҳал қилиниб, 38 фуқарога тушунтириш берилган. Айни пайтда, биттагина мурожаат ўрганилиб, уни бартараф этиш ҳаракати кетмоқда. Қолганлари эса миннатдорчилик мурожаатларидир.

Мурожаатчиларнинг муаммосига нега ечим йўқ?

Айрим мурожаатчилар билан телефон орқали боғландик. Бироқ биз муаммолари билан қизиққан  фуқаролар (муаммоси ҳал этилди, дея маълумот берилган)нинг аксарияти мурожаатлари қоғозда қолиб кетгани ва мутасаддилар далолатнома тузиш билангина кифояланаётганини билдирди.

Дарвоқе, 50 йил олдин ўрнатилган сув насоси эскириб, 2 йилдан буён томорқаларини суғоришнинг имкони бўлмагани сабабли ҳосил ололмаётган ва катта қийинчиликларни бошидан ўтказаётган Меҳнат маҳалласида яшовчи Сайфулло Мардиев “Очиқ мулоқот”га халқ номидан мурожаат қилганди. Туман раҳбари эса кўрсатувнинг ўзида мазкур ҳолатни жойида ўрганиб, тез фурсатда ижобий ечим топишга ваъда берган эди. Аммо натижа бўлавермагач, С.Мардиев таҳририятимизга шу масала бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилди. Биз бу муаммога ойдинлик киритиш мақсадида уни жойида ўргандик.

Аҳолини қониқтирмаган хат кимга керак?

Туман ҳокимлиги мутасаддилари билан учрашганимизда улар бу мурожаатчининг муаммоси бўйича тушунтириш берилганини айтиб, туман раҳбари номидан С.Мардиевга ёзилган хатни қўлимизга тутқазди. Хатнинг қисқача мазмуни шундай:

 “...Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан туманда аҳоли томорқаларида ихчам иссиқхоналар қуриш ва сув таъминотини яхшилаш бўйича артезиан қудуқлари қазиш учун 8 фоизли имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши белгиланган. Тумандаги Меҳнат  маҳалласидаги сув таъминоти оғир бўлган аҳоли хонадонлари артезиан қазиш учун фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратиладиган имтиёзли кредит маблағларидан олиб, сув таъминотини яхшилашда фойдаланиши мумкинлигини маълум қиламан.”

 Паст Дарғом туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳам С.Мардиевнинг мурожаатини ўрганиб чиққанини билдириб, худди шу мазмундаги “ечим” хатини туман раҳбари номига йўллаган. Бу масалада Паст Дарғом тумани ирригация бўлимидан ҳам тайинли жавоб чиқмади. Мазкур ташкилот томонидан туман ҳокимининг ўринбосари Х.Бўриев номига (хатда шундай кўрсатилган) йўлланган хатда шундай дейилади:

Меҳнат маҳалласи фуқароларини “Очиқ мулоқот” даги мурожаатига асосан Паст Дарғом туман ирригация бўлими мутахассислари иштирокида жойида ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилади.

... ички насос станциясини таъмирлаш учун кетадиган маблағ Меҳнат МФЙ фуқаролари томонидан амалга оширилади. Ички насосни таъмирлаш учун сарфланадиган маблағ Меҳнат МФЙ аъзолари томонидан йиғилиб, сўнг “Выдел-5” янги каналига белгиланган тартибда сув чиқаргич ўрнатилади.”

Хуллас, хатлардан маълумки, мазкур мурожаатга виждонан ёндашмаган. Йўқса, вазият яхшилаб ўрганиб чиқиларди ва имкон қадар муаммога ечим топишга ҳаракат қилинарди. Туман раҳбари Шунқор Худойбердиев ва масъул баён қилганидек аҳоли кредит олиш ёки пул йиғиб, бу масалани ҳал қилиш ҳақида ўйлаб кўрмаган, дейсизми? Йўқ!!!

 Меҳнатликлар яшаши учун сув керак, қоғоз эмас

– Маҳаллада мазкур сув чиқаргич насос орқали 350 га яқин хўжалик фойдаланиб келди, – дейди маҳалла раиси Асқад Ражабов. – Улар орасида кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам бор.  Муаммони ўзимиз ҳал қилиш ҳақида ўйлаб кўрдик, бироқ аҳолида йиғадиган пул йўқ ва кредит олиш орқали ҳам кўзланган мақсадга эришолмаймиз. Чунки, сув насоси ва 450-500 метрлик қувурлар учун 100 миллион сўмдан кам бўлмаган маблағ керак. Бу катта сумма. Кредитни тўлаш ҳам иккинчи муаммони юзага келтириб чиқариши аниқ.

Мана уч йилдирки, Меҳнат маҳалласига сув келмаётгани боис аҳоли томорқалари сувсизликдан қақраб кетган, экин майдонлари бўш ётибди. Шунингдек, аксарият хонадонларда мевали дарахтларнинг қуриб қолганига гувоҳ бўлдик. Маҳалла ҳудудидан катта сув оқиб ўтяпти, лекин уни чиқариб берадиган насос ва сув қувурлари чириб, мутлақо яроқсиз ҳолга келиб қолган. Сув насоси билан шуғулланадиган устанинг айтишича, мазкур қурилма 50 йил давомида хизматини ўтаб бўлган ва уни таъмирлашнинг имкони йўқ.   

– Маҳаллада ишлаб чиқариш йўқлиги етмагандай бир неча йилдан буён сувнинг ҳам узилиб қолгани аҳолини анча қашшоқлаштириб қўйди, – деди Сайфулло Мардиев. – Томорқадан даромад қилишнинг имкони бўлмагани учун фарзандларимиз, хотин-қизларимиз бошқа жойларга бориб мардикорлик қилиб келишяпти. Ҳалиям маҳалланинг бир-икки жойида бўлса-да, ичимлик суви бор, ташиб ичамиз. Йўқса, умуман, яшашнинг имкони бўлмай қоларди. Қанийди, шу муаммони ҳал қилиб берадиган одам топилса. Тўғриси, жуда кўп жойга қилган мурожаатларимиз бесамар кетаётгани боис кимдан умид қилишни ҳам билмай қолдик!

Очиғи, бундай шароитда яшаётган инсонларни кўриб, уларнинг ҳолини била туриб, бепарво бўлиб кетиш осон эмас. Бироқ ўн ва ундан кўп марталаб қилинаётган мурожаатга “Шикоят ёпилса бўлди” қабилида иш кўрадиган мутасадди ташкилот раҳбарларининг виждони уйғонса яхши бўларди.

Абдужаббор Пўлатов,

“Зарафшон” мухбири.