Паст Дарғомда бу йил 53 минг 294 тонна ғалла етиштирилади

Мевали агросаноат касб-ҳунар коллежида Қишлоқ хўжалик вазирлиги, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида йиғилиш бўлиб ўтди.

Туман ММТП ҳамда фермер хўжаликлари раислари иштирок этган йиғилишда жорий йилги ҳосил учун экилган ғаллани сифатли парваришлаш, яроқсиз боғлар ўрнига фойдали экинларни экиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидландики, жорий йил туманнинг жами ғалла экиш режаси 18 минг 391 гектар бўлиб, шундан 17 минг 466 гектар сувли, 1000 гектари лалми  майдонларни ташкил этади. Давлатга ғалла сотиш шартномавий режаси 53 минг 294 тонна бўлиб, товар дон учун 49 минг 294 тонна, уруғлик дон 4000 тонна етиштирилиши режалаштирилган.

Айни пайтда туманда ғалла экиш ишлари якунига етган бўлиб, майсалар тўлиқ униб чиққан. Ғалла майдонларини иккинчи марта суғориш ишлари 9917 гектарга, яъни 57 фоизга бажарилган. Бундан ташқари, ҳар бир фермер хўжаликлари томонидан дала бошига маҳаллий ўғит жамғариш ишлари олиб борилмоқда. Суғориш ишлари шарбат усулида амалга оширилмоқда.

Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.