Паст Дарғомда импорт паст, экспорт юқори

Истаймизми-йўқми, юртимиз мустақиллиги яқинлашаётган кунларда “Истиқлол бизга нима берди? Ҳаётимизда қандай ўзгариш ясади?” деган саволлар хаёлимиздан ўтади. Жавоб ҳам ҳаётий: аввало, одамлар ўзгарди. Уларнинг онгу тафаккури янгиланди. Дунёқараши ўсди. Ён-атрофимизда кечаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси шаклланди, эртанги кунга ишончи ортди.

Балки шунинг учундир, ҳаётимизнинг ҳар дами янгиликлар, ўзгаришларга бой. Биргина тадбиркорлик ва бунёдкорлик ишларини олайлик. Аҳолига қулайлик яратиш, иқтисодиётни ривожлантириш, фаровонликни таъминлаш ҳали у туманда, ҳали бунисида яққол намоён бўлиб турибди. Хусусан, Паст Дарғом туманида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўриб чиқсак, истиқлол ислоҳотларининг натижалари яққол кўринади.

Салмоқли улуш кичик корхоналар ҳисобида

Айни кунда туманда рўйхатга олинган кичик бизнес субъектлари сони 2 минг 936 тани ташкил этиб, шундан 2 минг 800 га яқин кичик ва хусусий бизнес корхоналари фаолият кўрсатяпти.

Ўтган йилнинг ўзида 742 та юридик мақомга эга корхона ва ташкилот ташкил этилгани ва шундан 700 таси кичик бизнес субъектлари экани, улар фаолиятларини изчил йўлга қўйиб олганликлари туманда хусусий тармоқни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётганидан дарак бериб турибди. Шунингдек, туманда 2021 йил 1 январь ҳолатига 20 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатиб келмоқда.

Бундан атиги тўрт-беш йил аввал кичик ва хусусий бизнеснинг туман ялпи ички маҳсулоти ҳажмидаги улуши 55 фоизни ташкил этган бўлса, ўтган йилга келиб бу кўрсаткич 80,2 фоизни ташкил этди. Ёки 2020 йилда туман бўйича ҳудудий экспорт кўрсаткичлари 17 миллион 493 минг долларни, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 2 миллион 549 минг долларни ташкил этган бўлса, унинг асосий қисми хусусий секторга тааллуқли корхоналарнинг ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларида акс этди. Бу миқдор 2019 йилга нисбатан 110,7 фоизни ташкил этганлигиёқ гарчи пандемия бўлишига қарамай бултур бу соҳада анчагина ўсиш бўлганини кузатиш мумкин. Бу солиштирма рақамлар эса кейинги йилларда кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари тобора ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришда ҳукмронликни, иқтисодий дастаклар ҳаракатини ўз измига олаётганидан далолат бериб турибди.

Сир эмас, иқтисодиётга чет эл сармоядорларини жалб қилиш, замонавий технологияларни, янгича тажрибаларни киритиш бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борада туманда амалга оширилган ишлар вилоятимиздаги бошқа туманларга ибрат бўлгулик. Ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган ўнлаб корхоналар цехларига дунёнинг энг илғор технологияларини ўрнатиб, шу орқали сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар. Шу боис ҳам маҳсулотлар пешма-пеш хорижга экспорт қилиняпти ҳамда импорт ўрнини босиб, бозорларимизни тўлдиряпти.

- Туманимиздаги “Самарқанд камалак инвест текстил” масъулияти чекланган жамиятини ана шундай корхоналар сирасига киритсак бўлади, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Жамшид Пардаев. – Жумладан, ўтган йили 6 миллион 302 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотни Туркия ва Россия давлатларига экспорт қилди. Айни пайтда ҳам корхона жамоасининг сифатли маҳсулотларига хорижда харидор кўп. Шунинг учун жорий йилнинг 5 ойи давомида 4 миллион 193 минг АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди. Корхона йил якунигача 7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни мўлжаллаган.

Дарвоқе, ҳозирда корхона 2021-2022 йилга мўлжалланган 281 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширмоқда. Бунинг учун Чортут маҳалласи ҳудудидан 3,5 гектар ер майдони ажатиб берилди. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 11 минг тонна ип калава ҳамда тайёр мато тайёрлаш бўлган ушбу янги “Камалак файз инвест текстил” корхонаси фаолиятини ишга тушириш учун хорижий кредит линиясидан 22 миллион доллар кредит олинган бўлса, Самарқанд камалак инвест текстил” МЧЖ ўз ҳисобидан 50 миллиард сўм сарфламоқда. Корхона 2022 йил декабрда ишга тушади, шунда 300 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланади.

Умуман, 2021-2022 йилда туманимизда умумий қиймати 3 триллион 160,9 миллиард сўмлик 78 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бунинг учун 208 миллион 500 минг АҚШ долларига тенг хорижий инвестиция жалб этилади ва 2 минг 207 та янги иш ўрни яратилади.

“Ўзбиокомбинат”: даромад ортди, фаровонлик ҳам

Истиқлол эпкинларининг Паст Дарғомга таъсири ҳақида сўз борар экан, биринчи навбатда “Ўзбиокомбинат” Ўзбекистон-Буюк Британия-Россия қўшма корхонаси ёдга келади. Аҳамиятлиси, ушбу корхонада илк маҳсулот ишлаб чиқарилганига ҳам салкам 60 йил бўлибди.

Тўғри, собиқ иттифоқда ягона саналган комбинат мустақиллик йилларигача барқарор фаолият юритди. Аммо 1991 йилга келиб, ишлаб чиқарилган ветеринария препаратларига харидор кескин камайди, корхона маҳсулотлари омборларда қолиб кетди, оқибатда инқироз ботқоғига ботди.

- 2008 йилда ҳукумат қарори билан корхонада модернизация ишлари бошлаб юборилди, - дейди корхонанинг ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи Шерзод Худоёров. - 2012 йилга келиб комбинатимиз яна чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш учун препаратлар ишлаб чиқарадиган йирик замонавий саноат мажмуига айлантирилди ва секин-аста қаддини тиклаб борди. Кейинги йилларда йилига ўртача 550 тонна ветеринария препаратлари ишлаб чиқариляпти. Маҳсулотимиз 2015 йилдан буён чет мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Шу пайтга қадар дори воситаларимизнинг 35 фоизи Афғонистон, Озарбайжон ва Тожикистон давлатларига сотилган бўлса, эндиликда экпорт географиясини кенгайтириш борасида қатор давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, корхонанинг кейинги 8 йиллик фаолиятига назар ташласангиз, бу ерда тилга олса арзигулик иқтисодий ўсиш бўлганлигини кўрасиз. Жумладан, корхонада 2013 йилда 20 турдаги дори воситалари тайёрланган бўлса, 2016 йилда 40 хил, 2020 йилга келиб эса 50 хил “Ивермектин-10”, “Клозентел”, “Гельминтол”, “Энрофлоксацин”, “Гентамицин”, “Бупарвалек”, “Тривитамекс” каби антипаратизар, антибактериал, антибиотик ва витаминлар ишлаб чиқарилди.

Ёки “Ўзбиокомбинат” 2013 йилда 2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарган бўлса, 2016 йилга келиб 8 миллиард сўмлик, ўтган йили эса 29 миллиард сўмлик ветеринария препаратлари ишлаб чиқаришга эришди. Ишчилар сони ҳам йилдан-йилга ортди: 2013 йилда корхонада 50 нафар ишчи-мутахассислар ишлаган бўлса, 2016 йилга келиб улар сони 130 нафар бўлди, 2020 йилда улар сафига яна 20 нафар ходим қўшилди.

- Бу ютуқларимиз омили қуйидаги учта жиҳатда деб ўйлайман, - дейди Ш.Худоёров. - Биринчидан, корхонамизнинг ишлаб чиқариш цехлари ва лабораторияга Россия ҳамда Германиядан келтирилган замонавий ускуналар ўрнатдик. Иккинчидан, ички ва ташқи бозорни чуқур ўргандик, таҳлил қилдик ва харидоргир, яъни ҳайвонлар касаллигининг олдини олиш учун зарур бўлган сифатли препаратлар чиқаришни йўлга қўйдик. Учинчидан, ишчиларимиз малакасини оширдик. Ҳозирда корхонамизда беларуслик тажрибали мутахассис, ветеринар-олим Владимир Кревко фаолият юритмоқда ва ҳар бир ишчи-ходим билим ва малакасини ошириш учун бор маҳоратини ишга солмоқда. Шу жиҳатлар боис ишчиларимизнинг маошлари ҳам ошиб бормоқда. 2013 йилда уларнинг ўртача ойлик маоши 450-500 минг сўм атрофида бўлган бўлса, 2016 йили ўртача маош 1 миллион сўм атрофида бўлди, ўтган йилда эса 2-2,5 миллион сўмдан ошди.

 

Темир-бетон устунлар Қатортеракда чиқади

Маълумотларга кўра, ҳозирда туманда 646 та саноат корхонаси давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, уларнинг 611 таси ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Бу корхоналарда 4 мингга яқин фуқаро фаолият юритиб, рўзғор тебратади. Муҳими, уларнинг аксарияти олис қишлоқларда фаолият юритяпти.

Масалан, замонавий темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Бунёдкор обод Паст Дарғом» давлат унитар корхонаси туманнинг Қатортерак қишлоғида жойлашган. Ушбу қишлоқ атрофидаги Парчақора, Манғитобод, Катта Найман, Зангибойи, Бахшибойи, Равот, Эски Жума маҳаллалари ёшларини муқим иш билан таъминлаб келаётган бу кичик корхона қисқа муддат ичида тумандаги кўзга кўринган саноат корхоналаридан бирига айланди.

- Корхонамиз 2019 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилди, 2020 йил февралидан фаолият бошладик, - дейди корхона раҳбари Актам Бўриев. - Дастлаб фақат буюртма асосида маҳсулот ишлаб чиқардик. Аҳоли ва корхона-ташкилотларнинг темир бетон маҳсулотларига бўлган талабини чуқур ўргандик ва харидор талабига кўра 10 хилдаги сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришдик.

Корхона Россия ва Эрон давлатларидан келтирилган технологиялар асосида кунига буюртмага кўра тайёр бетон қоришма, 55-60 донагача турли ўлчамдаги бетон плиталари ишлаб чиқармоқда. Бундан ташқари, корхона фесблоклар, қудуқлар учун  бетон қувурлар, электр симлари учун темир-бетон устунлар, шлакаблок, бетонли лоток, тротуар-плиткалар ишлаб чиқариляпти. Корхона 2020 йилда 61 миллиард 728 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди, соф фойда 264 миллион сўмни ташкил этди. Буям ҳудуд равнақи, аҳоли турмуш даражаси юксалишида маълум аҳамият касб этади.

Маҳсулотларнинг харидори кўп – фақат туман ё вилоятда эмас, қўшни Навоий, Қашқадарёдан буюртмалар тушаётгани эътиборли. Иш қизғин, шунга яраша 30 нафардан ортиқ ишчи-ходим бир дақиқа ҳам ишсиз қолмайди.

- Иш ҳақимиз ҳам шунга яраша, - дейди ишчилардан бири Элбек Рустамов. – Ўртача 2 миллион 800 сўмдан маош оламиз. 4 та юк ташиш, 2 та ортиш, битта “Миксер” русумли, 2 та “XON” русумли автоуловлар бор. Уларни бошқарувчилари бундан-да кўпроқ маош олишади. Тушлигимиз корхона ҳисобидан эканини ҳисобга олсак, бир рўзғорга бемалол етади.

***

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги баҳона Паст Дарғомда иқтисодиёт соҳаси тараққий этиб бораётганини кўрдик. Муҳими, бу ерда иқтисодий кўрсаткичлари каби одамлар, тадбиркорларнинг мақсадлар ҳам салмоқли. Рақамлар, лойиҳалар, янги иш ўринлари... булар, шубҳасиз, фаровонлик рамзи. Қувонарлиси, амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободонлаштириш, яратиш ишлари фақат яхшиликка, эзгуликка хизмат қиляпти, инсон қадр-қимматини янада юқори поғонага кўтармоқда, элнинг дастурхони тўкин, турмуши фаровон, тинчлик-осойишталикда умргузаронлик қилмоқда.

Акрам ҲАЙДАРОВ,

«Зарафшон» мухбири.