Паст Дарғомда маҳаллабай ишлашнинг янги тузилмаси жорий этилади

Бу масала ижросини Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров назорат қилиб, зарур тавсиялар бериб бормоқда. Туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда ҳам айни масала қизғин муҳокама этилди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 15-16 апрель кунлари Самарқандга ташриф буюрган давлатимиз раҳбари маҳаллабай ишлашда Самарқанд тажрибасини йўлга қўйиш топшириғини берган эди.

Бунда тажриба сифатида туманда "Маҳаллабай ишлаш маркази"ни ташкил этиш белгиланган. Марказнинг ҳар бир инспектори учтагача маҳаллага бириктирилади. Шунингдек, янги тизимга кўра, маҳалла раисининг томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари штати ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича ўринбосари бошқарувига берилади.

Дарҳақиқат, “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали маҳаллий бошқарув органларини фуқароларга янада яқинлаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммо ва мурожаатларини аниқлаш ҳамда уларни самарали ҳал этиш йўлга қўйиляпти. 

- Бу борада Самарқанд тажрибасини амалиётга жорий этиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди, - деди Ж.Қўчқоров. – Янги ташкил этиладиган марказ маҳаллалар кесимида тўпланган муаммо ва мурожаатларни мувофиқлаштириб, уларни ҳал этишни ташкил этади. Асосийси, у амалга оширилган ишлар натижадорлиги юзасидан ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашида ҳисобот бериб боради.

Жорий йил 1 майидан Паст Дарғом туманида иқтисодий блок структурасини такомиллаштирган ҳолда маҳаллабай ишлаш тизими жорий этилади. Бу тизим Ургут ва Булунғур туманларида 1 июлдан ҳамда вилоятнинг қолган туман (шаҳар)ларида 1 декабрга қадар босқичма-босқич жорий этилади.

Ж.Қўчқоров янги тизим афзалликлари, ундан кўзланган мақсад ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдириб, бу борада мутасаддиларга зарур кўрсатмалар берди.

Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.