Пастдарғомлик фахрий журналист Барот Ўтаев вафот этди

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, сермаҳсул ижодкор Барот Ўтаев 1947 йилда Паст Дарғом туманида туғилган.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини битириб, меҳнат фаолиятини ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлаган ва собиқ туман комсомол коммитети, район партия коммитети ҳамда халқ депутатлари район совети ижроия коммитетида турли вазифаларда фаолият кўрсатган.

Халқ депутатлари Паст Дарғом тумани Кенгаши депутати бўлган. 44 йиллик журналистик фаолияти давомида собиқ “Большевик”, ҳозирги “Паст Дарғом ҳақиқати”, вилоят халқ таълими бошқармасининг “Маърифат нури” газеталари ҳамда бошқарма тасарруфида бўлган “Зиёкор” журналида бош муҳаррир лавозимларида фаолият олиб борган.

“Муқаддас даргоҳ”, “Улғайиш йиллари”, “Яхшилар ҳақида сўз” номли китоблар муаллифи. Ўнга яқин бадиий, публицистик тўпламларга муҳаррирлик қилиб, юзлаб шогирдлар устозлик қилган. “Ижод кўнгил таскини”, “Зарафшон мавжлари”, “Самарқанд ижодкорлари”, “Дийдор қасри” номли китобларда Барот Ўтаев ижодидан намуналар берилган.

Барот Ўтаевнинг порлоқ хотираси қалбимизда узоқ яшайди.

"Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари таҳририяти ва Zarnews.uz сайти жамоаси Барот Ўтаевнинг вафоти муносабати билан оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этади.