Пасха ороли сири
Бу орол сайёрамизнинг энг сирли жойи ҳисобланади. Уни ўрганаётган тадқиқотчилар олдида жавобдан кўра саволлар кўп.
Масалан, бу ерга маҳаллий аҳоли қандай келиб қолган? Яна улар турли ирққа тегишли - оқ танли, қора танли... Энг катта жумбоқ - тош ҳайкаллар. Уларнинг баландлиги ўн метрга етади. Ҳайкаллар вулқоннинг сўнган кратерида тайёрланган, ҳозиргача қолдиқлари сақланиб қолган. Орол 1722 йилда пасха ҳайити куни очилгани учун Пасха деб ном олган. Оролни очган голланд денгизчиси Якоб Роггеван у ерда бир кунгина бўлса-да жуда кўп ақлбовар қилмас жумбоқлар ҳақида ёзиб қолдирган. Қизиғи шундаки, тош ҳайкаллар қирғоқда орқасини океанга ўгириб саф тортиб турибди.
Айрим тадқиқотчилар ушбу ҳайкалларни қандайдир бошқа цивилизация вакиллари ўрнатган деган фикрда. Ҳайкаллар сони 900 га яқин. Айримлари пала-партиш ўрнатилган бўлса, кўпчилиги қатъий тартибда жойлашган. Қиёфалари жуда ғалати: улкан калла, узун қулоқ, юзлари тунд, соқоллари барваста. Вулқон кул қолдиқларидан ясалгани учун ҳайкалларини ўрнатишда қийинчилик туғдирмаган. Танасида маҳаллий аҳоли фойдаланадиган айрим буюмлар, ҳайвон ва қушлар тасвири ўйилган. Ҳайратлиси, оролда бундай жониворлар яшамаган.
Ривоятларга қараганда, оролда узун қулоқ одамлар яшаган. Улар қулоққа оғир зирак тақиб юришгани учун қулоқ чўзилиб, узайиб кетган. Жанубий Америка чангалзорларида яқин вақтларгача шундай қабилалар сақланиб қолган. Тахминан 400 йил аввал оролга полинезияликлар кўчиб келишган. Шакарқамиш, банан, картошка етиштиришган. Ўзлари билан товуқлар олиб келишган. Эрамизнинг 1200 йили бу ерда Жанубий Америка аҳолиси пайдо бўлган. Орол аҳолиси уларни худолар деб кутиб олишган. XIV-XV асрларда оролда турмуш издан чиққан, бир пайтлар ҳукмронлик қилган узун қулоқликлар авлоди ўзаро урушга киришиб, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига қирон келтирган. Охир-оқибат, калта қулоқлар узун қулоқларни батамом қириб ташлаган.
Ҳозирда Пасха ороли (маҳаллий номи - Рапанун) Чилига қарашли. Қитъадан жуда олисда - 3,5 минг километр нарида жойлашган. Орол қуруқлик майдони 163 квадрат километр, 6 мингга яқин аҳоли яшайди.
Расмий тили - испан ва рапануй, иқтисоди сайёҳликка асосланган. Ғалатиси шундаки, оролда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодисалар рўй бериб туради. 1922 йилда кучли довул оқибатида орол бутунлай сув остида қолган. Бир неча кун ўтгач, яна юзага чиққан.
Кўпчилик тадқиқотчилар Пасха ороли аномал ҳудудда жойлашганлигини таъкидлашади. Шу боис бу ерда бошқа ўлчамдаги олам одамлари, буюмлар пайдо бўлиши мумкин.
Т.Шомуродов тайёрлади.