Пахта ёғи нега қимматлашди? Антимонопол қўмита текширув ўтказди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан пахта ёғи нархлари кескин ошганлиги юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги 53-сон қарорининг 2-бандига мувофиқ пахтадан олинган чигит пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчиси томонидан ёғ-мой корхоналарига биржа савдолари ёки маҳсулотни қайтариш асосида сотилиш белгиланган.

Таҳлил натижаларига кўра, жорий йил апрель ойи давомида биржа савдоларига 40 та пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан техник чигит савдоларга қўйилганлиги ҳамда қўйилаётган техник чигитнинг бошланғич нархлари апрель ойида ўртача 38 фоизга кўтарилганлиги аниқланган.

Аввал хабар берганимиздек, ўсимлик ёғи нархининг ошишига асосан кунгабоқар уруғлари ишлаб чиқариш ва экспортнинг қисқариши билан боғлиқ ташқи муҳит таъсир кўрсатмоқда.

Аммо, айрим пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотчилари вазиятдан фойдаланган ҳолда, пахта чигити нархини асоссиз оширишди, бу эса пахта ёғининг нархига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Бунда, биржа савдоларида техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши аломатлари юзасидан 34 та пахта-тўқимачилик кластерларига нисбатан Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан иш қўзғатилди.