Пахтачи туманидаги Давлат хизматлари марказида энди аҳолига 120 турдаги хизматлар кўрсатилади
Бугун Пахтачи туманида янги қуриб битказилган Давлат хизматлари марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.
Марказда туман адлия ва ФҲДЁ бўлимлари, нотариус ва Бош вазирнинг тадбиркорлар қабулхонаси жойлашгани фуқароларга анчагина қўлайликлар яратади. Шунингдек, бинода кафе, болалар хонаси, тиббиёт хонаси, инвесторлар хонаси, электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, халқ банки кассаси ҳам жойлаштирилган. Барча шарт-шароитларга эга марказда кунига 300 нафардан ортиқ фуқароларга 120 турдаги давлат хизматлари кўрсатилади. Бинонинг кириш қисмида QR кодлари устуни фуқаролар эътиборига ҳавола этилган бўлиб, унда ДХМ кўрсатадиган хизматлар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.
3 миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига барпо қилинган 2 қаватли ушбу замонавий бино "Мадина Савдо белгиси" хусусий қурилиш корхонаси томонидан қуриб битказилди.
Абдумажид ҲУСАНОВ,
Пахтачи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.