Пахтачилик фермерлар 28,5 минг тонна пахта сотди
28 минг 535 тонна ҳосил. Бу шунчаки рақамлар эмас, Пахтачи тумани пахтакорларининг 2021 йилда ҳозиргача тайёрлаган пахта хомашёсига дахлдор натижа.
Улар 8195 гектар майдонда ғўза парваришлади. Бунда манфаатдорлик устун турди: сувчи-ю механизатор, чопиқчи-ю оддий ишчига ойлик маош берилди.
Муҳими, етиштирилган ҳосил бюджет ташкилотлари ходимлари, қўшимча теримчи жалб қилмасдан териб олинди. “Пахтачи кластер” масъулияти чекланган жамияти масъулларининг оқилона қарори туфайли теримчиларга дастлаб терилган бир килограмм пахта учун 1200 сўмдан ҳақ тўланди. Кейинчалик ҳар килограмм хомашё учун 1500 сўмдан пул бериш, манфаатдорликни оширилиши теримчиларга куч берди.
Мана натижа. 28,5 минг тонна пахтанинг ортида қанча даромад бор, ҳисоблайверинг. Биз эса "Яшавор, азаматлар, ҳалолинг бўлсин, топганинг яхши кунингга буюрсин, пахтакор!", деймиз. Зеро, деҳқон қилган меҳнатидан манфаатдорлиги ортса ерга меҳр беради, теримчи ҳам қилган меҳнатига яраша рағбатлантирилса иш самарали бўлади.