Пахтачилик тадбиркор 7 сотих ердан 70 миллион сўм соф фойда олмоқда

Пахтачи туманининг Наҳрипай маҳалласида яшовчи Ўктам Шомуродов томорқасидаги 7 сотихлик иссиқхонада, асосан, гул кўчатлари етиштиради.  У бу ердан йилига икки марта фойдаланиб, 70 миллион сўмгача соф фойда олади. Мўъжазгина иссиқхонадаги тартиб, саришталик кишининг кўнглига кўтаринкилик бағишлайди.

- 2011 йилдан бери шу иш билан шуғулланиб келаман, - дейди Ў.Шомуродов. – 7 йил давомида навоийлик бир тадбиркорнинг иссиқхонасида боғбонлик қилдим. Кейинги йилларда ўзимизнинг вилоятимизда ҳам йўл четларига экиладиган гулларга эҳтиёж ортаётганини эшитиб, ҳовлимда иссиқхона қурдим ва бир мавсумда 100 минг туп кўчат етиштиряпман. Оиламизда 4 киши шу иш билан банд. Мижозларимиз сафи кун сайин кенгайиб боряпти. Қўшни Навоий вилоятидан ҳам буюртмалар оляпмиз. Эҳтиёжга яраша етказиб беролмаётганим сабабли банкдан 70 миллион сўм кредит олиб, акамнинг томорқасига ҳам 7 сотихлик иссиқхона қурдим. Бу яна 4 нафар ишсиз маҳалладошларимизнинг бандлигини таъминлади.

Ҳовлидаги 10 сотихлик томорқанинг қолган қисмидан ҳам унумли фойдаланилади. Эътиборлиси, бу ҳовлида Ўктам аканинг бобоси эккан 100 йиллик ток ҳалигача мўл ҳосил бериб келмоқда.

Дилдора Муҳаммадиева,

Бахтиёр Мустанов.