Пахтачиликлар пахта теримини бошлади

Бу йилги мавсумда Пахтачи тумани пахтакорлари биринчилардан бўлиб ҳосилни йиғиб-териб олишга киришди. Тумандаги кластер усулида ғўза парваришлаган "ZIYOVUDDIN TEXTILE" масъулияти чекланган жамиятига қарашли қабулгоҳга биринчи пахта карвони келди.

Жорий йилда туманда 8 минг 170 гектар майдонга чигит экилиб, ғўза мавжуд агротехник тадбирлар асосида парвариш қилинди. Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш учун 210 та терим отряди ташкил этилиб, 19 минг 101 теримчи жалб этилмоқда. Уларнинг аксарияти кластер ва фермер хўжаликлари ишчилари, 3 мингдан ортиғи кўнгилли теримчилардир.

Пахтачиликлар бу йил 23 минг 693 тонна пахта хом ашёсини йиғиб олиб, қабул пунктларига топширишни мўлжалламоқда. Бунинг учун зарур шароит яратилган, ҳосилни ташиш учун етарли техника воситалари шай ҳолатга келтирилган.

Мавсум бошланиши муносабати билан "ZIYOVUDDIN TEXTILE" масъулияти чекланган жамиятида тадбир ташкил этилди. Кластер корхонаси ишчилари ҳамда йиғим-терим ишларида иштирок этувчиларга дастурхон ёзилиб, ош тортилди.

Абдумажид ҲУСАНОВ.