“Пахтакор-79” авиаҳалокати гувоҳи: “Бу – бир ўсмир ҳазм қилиши жуда қийин бўлган оғриқ эди”
Бу йил “Пахтакор-79” жамоаси авиаҳалокатга учраганига роппа-роса 40 йил тўлади. Шу муносабат билан жойларда турли тадбирлар ўтказилиб, марҳум “пахтакор”чиларнинг хотираси ёдга олинмоқда.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган ўсмирлар ўртасида “Хотира қанотлари-2019” халқаро турнирига бу сафар олис Украинадан, янада аниқроғи машъум фожиа содир бўлган Куриловка қишлоғидан ҳам жамоа ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоиз, уларнинг халқаро турнирдаги иштироки мухлису-мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди. Мусобақа якунида биз ушбу жамоа вакили Кармен Мерсев билан суҳбатлашдик. Бу инсонни суҳбатга тортишимизнинг боиси, у ўша 1979 йилнинг 11 август фожиасига гувоҳ бўлган кам сонли кишилардан бири экан.
– Бу машъум фожиани ҳалигача яхши эслайман. Август ойининг булутли куни, тушлик маҳали эди. Мен ҳовлимизнинг ёзги ошхонасида тушлик қилиб ўтиргандим. Бирдан даҳшатли гумбурлаган овоз эшитилди. Югуриб ташқарига чиқдим ва уйимиздан унча узоқ бўлмаган жойга улкан самолёт қулаб тушаётганлигини ўз кўзим билан кўрдим. Бу – бир ўсмир ҳазм қилиши жуда қийин бўлган оғриқ эди. Дарҳол велосипедга ўтириб ўша жойга етиб бордим. Ҳаммаёқни олов қоплаган, 10-15 тача одам ҳам йиғилган экан. Ҳамма саросимага тушиб қолган, хавотирда. Самолёт бўлаклари эса ҳар томонда сочилиб ётибди, қисқаси даҳшатли манзара. Кейин эса ўт ўчириш машиналари етиб келди ва ёнғин бартараф этилди. Дастлаб бу битта самолёт бўлса керак, деб ўйлаганмиз, кейин эса бу фожиада бир эмас, балки иккита самолёт портлаганини билдик. Орадан бир-икки кун ўтиб эса бу “Пахтакор” жамоаси эканини эшитдик. У пайтларда футбол ўйнаб турсамда, “Пахтакор”нинг ўйинларини кузатиб бормасдим, чунки атиги 13 ёшли бола эдим. Кейинроқ бу собиқ Иттифоқнинг ўша даврлардаги энг кучли жамоаларидан бири бўлганини, унинг таркибида кўплаб моҳир футболчилар тўп тепганини эшитдим, билдим. Куриловкада марҳам “пахтакор”чилар учун ёдгорлик ўрнатилган бўлиб, ҳалигача ҳамқишлоқларим уни зиёрат қилиб туради. Ёдгорлик Алла Тазетдинованинг саъй-ҳаракати билан ўрнатилган. У киши бизнинг қишлоғимизга кўп борган, марҳумлар хотираси ёдга олинган, ош пиширилган. Бу ерга кўплаб жамоалар, жумладан ўша “Днепр” клуби ҳам кўп келган ва марҳумларни ёдга олган. Биз ҳар йили август ойида қишлоғимизда “Пахтакор-79” жамоаси хотирасига бағишлаб унча катта бўлмаган турнир ўтказиб турамиз. Унда маҳаллий жамоаларимиз иштирок этади. Қисқаси, биз ҳаёт эканмиз, “Пахтакор” жамоасини асло унутмаймиз, уларни ҳамиша ёдга олиб турамиз. Чунки улар шунга муносибдир, – деди бизга берган интервьюсида Кармен Николаевич Мерсев.
О.Эшмаматов, ЎзА