28 хил урф-одат ва хизмат: Пайариқда туризм қишлоғи қуриляпти

Пайариқ тумани Чоштепа маҳалласида туризм қишлоғи ташкил этиляпти. Бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари учун 2 миллиард 577 миллион сўм маблағ ажратилган.
Мазкур қишлоққа кираверишда “Туризм ахборот маркази” биноси қад ростлади. Бу ерда сайёҳлар маълумотлар олиш ва ахборот алмашиш имкониятига эга бўлади.
- Қишлоққа рамзий дарвоза орқали кирилади, - дейди туман туризм ва спорт бўлими бош мутахассиси Расул Жабборов. – Ҳудудда кенг кўламли қурилиш ишлари ҳам амалга ошириляпти. Энг муҳими, қишлоқ аҳолиси тадбиркорлик, чорвачилик, асаларичилик, ҳунармандчилик билан шуғулланади. Шунинг учун ҳам сайёҳлар учун ҳар бир хонадонда қишлоқ аҳолисининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиш, миллий таомларидан тановул қилиш, уларни тайёрлаш учун шароитлар яратилади. Масалан, бу ерга келган сайёҳ уй-меҳмонхонага жойлаштирилади. Улар маҳаллий аҳоли билан хоҳласа сабзи тўғраб, ош дамлайди, хоҳласа миллий дўппи, чопон тикади.
Бундан ташқари, сайёҳларга миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини уста-ҳуранмандларнинг ўзлари томонидан тайёрланиш жараёнлари ҳам кўрсатилади. Аҳамиятлиси, Чоштепада ҳам қадимий Самарқанд қоғози ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
- Кўп йиллардан бери қўшни маҳаллада тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман, - дейди Дилмурод Жумабеков. – Маҳалламизда туризм қишлоғи ташкил этилаётганидан хурсандман. Энди ишимни ўзимизнинг ҳовлида давом эттирадиган бўлдим. 80 ўринга мўлжалланган ошхона ҳамда 50 ўринли меҳмон уйи қуриш ишларини бошлаб юбордим. Мақсадим - маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни миллий таомлар билан меҳмон қилиш, уларнинг мароқли дам олишлари учун сифатли хизмат кўрсатиш.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото).