Пайариқда ерни фуқароларга алдаб сотган фуқарога нисбатан фирибгарлик жинояти билан боғлиқ жиноий иш очилди

Мамлакатимизда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш фақатгина "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга ошириш тартиби жорий этилган. Чунки у ортиқча расмиятчилигу қинғирликлардан холи бўлган очиқ ва шаффоф электрон тизим ҳисобланади. Лекин таҳлиллар ҳамон айрим мансабдор шахс ва фуқаролар ушбу нормани четлаб ўтишга ҳаракат қилаётганини кўрсатмоқда.

... Пайариқ тумани фуқароси Р.Х. муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун судланиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида 68 миллион 896 минг сўм жарима жазосига тортилган.

Бироқ тайинланган жазодан тегишли хулоса чиқармасдан 2009-2015-йиллар давомида марҳум И.Ҳ. ва Т.Р.лар билан жиноий тил бириктириб, уюшган гуруҳ тузиб, ноқонуний йўллар билан текин бойлик орттириш пайида бўлган.

Шу мақсадда тумандаги “Сувон Санобар замини”, “Бердиев Иномжон даласи” фермер ҳўжаликлари ҳудудидаги суғориладиган 8,95 гектар ерларни ўзининг ери деб алдаб, уй-жой қуриш учун, 30 нафар фуқароларга бериб юборган.

Оқибатда жабрланувчиларнинг жами 30 миллион сўм пул маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Ушбу ҳолат юзасидан Р.Х. дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди (уюшган гуруҳ ёки унинг манффатларини кўзлаб) билан айбланган.

Қонунчиликка кўра, бундай турдаги жиноят базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят ишлари бўйича Пайариқ тумани суди.