Пайариқда “Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги байрами кенг нишонланди”ми?

Кеча – 5 сентябрь куни вилоятимиз шаҳар ва туман ҳокимликлари веб-сайтларининг юритилиши ҳақида хабар берган эдик.

Кузатишларимизни давом эттириб, яна сайтларга нигоҳ ташладик.

Пайариқ тумани ҳокимлигининг www.sampayarik.uz сайтини (охирги маълумот 28 август куни 14:41 да жойлаштирилган) очганингизданоқ кўзингиз дарҳол фотосуратларга тушади. Қишки кийимлардаги кишилар иштирокидаги тадбирлардан лавҳаларни кўриб, сайт анчадан бери янгиланмаган бўлса керак, деган хулосага келасиз.

Йирик планда берилган «Пайариқда Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги байрами кенг нишонланди», «Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб кўпкари ташкил қилинди» каби хабарлар ўтган йилги эканлиги сарлавҳасидан ҳам маълум. Матнли хабарларни санасига қараб, янгиланган экан, дея хурсанд бўлишга озроқ шошибман. Ҳисобот шаклидаги маълумотлар туманнинг иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичлари бўлимида жойлашиши лозим бўлган матн экан.

Қўшработ туман ҳокимлигининг http://www.qoshrabot.uz сайтининг бош саҳифасида турли эълонлар, қарор, фармонлар ўрин олган. Қўшработ тумани ҳақидаги маълумотлар, хусусан, туманнинг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари, демографик ҳолат, корхона ва ташкилотлар тавсифи, 2019 йилнинг иқтисодий кўрсаткичлари бўйича маълумотлар ўз вақтида янгиланган.

Энг қизиғи, туманнинг бюджет тушуми, унинг ўтган йилларга нисбатан ҳолати, сарф-харажатлар ҳам берилиши туман ҳокимликлари расмий веб-сайтлари учун катта янгилик.

Умуман, ушбу сайтда туман ҳаётига оид расмий маълумотлар ўз вақтида янгиланаётгани билан эътиборли. Фақат бош саҳифасида хабарлар ҳаддан ташқари зерикарли ва эътибор тортмайди. Зиёратгоҳлар ҳақида маълумотлар бериларкан, зиёратгоҳнинг баъзи фотосуратларидан ушбу қадамжолар ободлигига эътиборсизлик кўриниб қолган.

Нарпай  тумани ҳокимлигининг  http://www.narpay.uz/ сайтининг бош саҳифасиданоқ сайт ўз вақтида янгиланиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Туман ҳақидаги умумий маълумотлар, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар, манзилли дастурлар эскирмай бериб борилган. Айниқса, туман ҳаёти билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларнинг видеолавҳалари ҳам сайтга жойлаштирилганлиги эътиборга лойиқ. Эҳтимол сайтга кирувчилар сони унчалик кўп эмасдир, балки унда туман аҳолиси учун зарур ва долзарб маълумотлар киритиб борилса фойдаланувчилар сони янаям кўпаяр. Бу ҳақда сайт мутасаддилари ўйлаб кўраётган бўлса ажабмас. Аммо ҳозирча Нарпай тумани ҳақида ушбу сайтдан етарлича маълумот олиш мумкин.

Тўлқин Сиддиқов.