Пайариқда тадбиркорларнинг 548,5 миллион сўмлик мулкини ўзлаштирган фирибгарларнинг қилмиши фош бўлди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилди.
Унда фуқаро Т.М. ва бошқалар тумандаги “D.” МЧЖ ҳамда “M.” оилавий корхонасини бошқарган даврида Тошкент шаҳридаги “D.”ва “P.” МЧЖлар ҳамда “E.” хусусий корхонасининг 548,5 миллион сўмлик мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари, шунингдек фуқаро Ш.нинг ишончига кириб, унинг номига юқоридаги субъектлардан 171 миллион сўмлик мебель жиҳозларини қабул қилиб олганлиги тўғрисида ҳужжатларни расмийлаштириб, маҳсулотлар сотувидан тушган нақд пул маблағларини банк муассасасига топширмасдан савдо қоидаларини бузганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.