Пайнет орқали онлайн қиморга тўлов қилиб бераётганларнинг жавобгарлиги кучайтирилади

Онлайн қиморга қизиқишни билдираётган аксарият аҳоли бу ўсмирлар ва ёшлар бўлиб, тез ва мўмай даромад олиш мақсади уларни онлайн қимор – тотализаторлар ва хорижий спорт ўйинларига муккасидан кетишга олиб келмоқда.

Қимор ўйини структураси шунчалик муғомбирона ишлаб чиқилганки, уни тушунмасдан, тезда бойиб кетмоқчи бўлган фуқаролар асосан катта миқдорда қарзга ботмоқда. Охир-оқибат муаммодан қутулиш учун ўз жонига қасд қилиб, оила аъзоларини доғда қолдириб кетмоқда. Афсуски, онлайн қимордан бошланган муаммони марҳумнинг яқинлари ҳал қилишга мажбур бўлмоқда.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходимлари ўрганишлар давомида қуйидаги таклифларни тақдим этади:

➖ айни вақтда кенг тарқалган қиморга қизиқтирувчи фирибгарликлардан хабардор қилишга йўналтирилган фаол тарғиботни амалга ошириш;
➖ мазкур ўйинлар рекламаси учун жавобгарликни қайта кўриб чиқиш ва белгиланадиган жарималарни ошириш;
➖ P2P-платформалари (Пайнет) орқали ноқонуний онлайн-тотализаторларга тўловларни амалга ошириш имкониятини яратаётган шахсларга жавобгарликни кучайтириш;
➖мазкур ҳолатда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг ҳар қандай турларини тақиқлаш позициясида қолиш, спорт соҳасини ривожлантиришда букмекерлик фаолиятига йўл қўйилмаслиги талабини қатъий белгилаш лозим бўлади.