Пенсионер эккан “каннабис” пишмади

Гиёҳвандликка ружу қўйиш оқибатида инсон ҳаёти издан чиқади, соғлиғини йўқотади. Бугунги кунда айрим ёшларнинг бу заҳри қотилнинг домига тушиб, соғлиғидан айрилаётгани, ўз ҳаётини издан чиқараётгани сир эмас. Шу сабабдан уларга тўғри йўл кўрсатишда ёши улуғ кишиларнинг ўрни  муҳим.

Афсуски, ҳаётнинг паст-баландини кўрган катта ёшдаги баъзи кишиларнинг ўзлари шундай нотўғри йўлни танлаётгани ҳам учрамоқда.

Пахтачи тумани Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи, беш фарзанднинг онаси, пенсионер Сожида Болиева (исм-фамилия шартли) ҳам атрофидагиларга ўрнак бўлар ёшда нафс домига илинди. Томорқасига “каннабис” - заҳри қотилнинг уч дона уруғини қадади. Уни парваришлади, ўстирди. Эккан “экини”ни ўриб олишга шошилмади, етилишини кутди. Аммо жиноий режасининг пайи қирқилди.

2019 йил 29 июль куни туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Сожида Болиеванинг томорқасида таркибида гиёҳвандлик воситалари мавжуд бўлган 3 туп “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштирилди.

Вилоят судига оид наркология экспертизасининг хулосасида, текшириш вақтида Сожида Болиева гиёҳвандлик билан хасталанмагани ва мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги аниқланди.

С.Болиевага нисбатан амалдаги қонун талаблари доирасида ҳукм ўқилди.

А.АКРАМОВ,

жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани суди раиси.