Пентагон раҳбари АҚШ Ироқдаги миссиясини йил охирида якунлашини тасдиқлади

АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин кеча, 20 ноябрь ироқлик ҳамкасби Жума Инад билан учрашувда АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий миссияси жорий йил охиригача якунланишини тасдиқлади, деди Пентагон матбуот котиби Жон Кирби.

"Вазир АҚШ кучлари Ироқ ҳукуматининг таклифига биноан Ироқ хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш учун Ироқда қолишини яна бир бор тасдиқлади. АҚШ 2021 йил июль ойидаги, жумладан, Ироқда йил охиригача жанговар вазифаларини бажарувчи АҚШ кучлари қолмаслиги мажбуриятларини бажаради", деди Кирби ёзма баёнотда.

Таъкидланишича, томонлар АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий миссиясининг кейинги босқичи - "Ислом давлати" террорчилик гуруҳига қарши кампания доирасида Ироқ ҳарбийлари билан "маслаҳат, ёрдам ва разведка маълумотлари алмашинуви"га эътибор қаратиши муҳокама қилинди.

Пентагон раҳбари, шунингдек, яқинда Ироқ Бош вазири Мустафо ал-Казимий қароргоҳига уюштирилган ҳужумни қоралаб, араб мамлакати янги ҳукуматининг кейинги шаклланиши тинч йўл билан ўтишига умид билдирди.

Икки давлат мудофаа вазирликлари раҳбарларининг учрашуви ҳар йилги Баҳрайнда ўтказиладиган “Манама диалоги” минтақавий хавфсизлик бўйича халқаро конференция доирасида бўлиб ўтди.