Пиллачилик: Нимадан ютдик, нимани ютқаздик?
Ўзбек пиллачилигида инқироз қаердан бошланди? Хитой ипак қуртига қарамликдан қутулиш мумкинми? Маҳаллий ва хорижий навдаги ипак қуртининг афзаллиги ва камчилиги нимада?
Фахрий пиллакор, соҳа фидойиси Салоҳиддин Бобомуродов шу саволларга жавоб берди ҳамда маҳаллий ва хорижий ипак қуртининг афзалликлари, камчиликлари ҳақида гапирди.
- Ипак матоси Марказий Осиё халқлари учун каби миллий либосга айланган дунёга машҳур атлас, адрас ишлаб чиқаришда асосий хомашё ҳисобланади, - дейди С.Бобомуродов. - Қолаверса, ипак толаси авиасаноат, радиотехника, телевидение, ҳарбий-мудофаа саноатида кенг ишлатилади. Лекин бу жараёнга етиш тасаввур қилганимиздак осон эмас, ипак қуртига фақат барг солиб қўйиш билан пилла бўлмайди. Ҳақиқий ўлчови 19 грамм бўлган бир қути ипак қурти беш ёшга етганда 60 квадрат метр жой, етарли иссиқлик лозим, вақти-вақти билан шамоллатиш зарур. Бу ҳам ўзига яраша илм, тажрибани талаб этади.
Ипак қурти боқишда хона ҳарорати ўртача 26 даражани талаб қилади. Агар хона ҳарорати 20 даражадан пасайиб кетса, барг ейиш секинлашиб, 21-22 кунда тайёр бўладиган ипак қуртининг боқиш даври 1-1,5 ойга чўзилиб кетади.
Пиллачилик - маҳсулот етиштириш, фабрикалар ишлаши учун бўладими ёки экспортми, ҳаммасига уруғчилик керак. Уруғчилик бўлмаса пиллачилик ҳам бўлмайди. Бу соҳада уруғчилик жуда мураккаб иш ҳисобланади. Чунки, бу ғалла, пахта ёки сабзавот уруғчилиги эмас, бу жараёнда барчаси қўл меҳнати ёрдамида бажарилади. Ҳозиргача дунёнинг бирорта давлатида ипак қурти уруғини тайёрлаш техникалаштирилган ёки механизациялаштирилган эмас. Олимлар бу технологияни ярата олгани йўқ. Бу жараён тўлиқ қўл меҳнатига асослангани учун пиллачиликка хусусий сектор жалб қилинди. Бу жуда яхши ўйланган режа бўлди, лекин тадбиркорлар кўзланган иш билан тўлиқ шуғулланмаяпти. Нега? Сабаби, улар кутилгандек фойда олмаяпти, тадбиркорлик моддий манфаатдорликка асосланган. Қўл меҳнати кўп бўлгани учун таннарх ортиб кетяпти, тадбиркор зарар кўряпти.
Яна бир асосий муаммо, аввал республикамизда 21 та уруғчилик корхонаси бор эди ва шундан 3 таси пилла наслчилик станцияси эди. Бу наслчилик станцияларида ипакчилик илмий-текшириш институтида ишлаётган олимлар яратган янги навлар кўпайтириларди. Лекин аслида бу каби илмий-тадқиқот станциялари, олимларнинг ишланмалари сир сақланган ҳолда давлат қарамоғида қолиши керак эди, афсуски, улар хусусийлаштирилди. Дунёнинг бирорта ривожланган давлатида пилла наслчилик станциялари, олимлар яратаётган янги навлар ва илмий-тадқиқот марказлари хусусийлаштирилмаган.
Текин пишлоқ фақат “қопқон”да бўлади
- Мен ўз вақтида Хитой, Япония, Жанубий Кореяда бўлиб пиллачиликни ўрганганман, - сўзида давом этади Салоҳиддин Бобомуродов. - Масалан, Япония ва Жанубий Кореяда пиллачилик соҳаси деярли йўқ, лекин наслчилик станциялари давлат назоратида бугунгача ишлаб турибди. Мақсад - пиллачилик бутунлай йўқ бўлиб кетишини олдини олиш. Хитойда эса бу соҳа шиддат билан ривожланмоқда.
Самарқандда ҳам 3 та йирик пилла уруғчилик корхонаси бор эди. Каттақўрғондаги корхона бир йилда 40-50 минг қути пилла уруғи тайёрларди, биз “Самарқанд пилла уруғчилиги” корхонамизда 30-40 минг қути тайёрлардик. 1944 йилда Самарқанд шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида ташкил қилинган пилла наслчилик станцияси республикада энг нуфузлиларидан бири эди. Кейинги йилларда соҳани тушунмайдиган мутахассислар раҳбар бўлиб келгач, пилла наслчилик, уруғчилик корхоналари кластерларга айлантирилди, кейинчалик уруғни Хитойдан келтириш важи билан бундай корхоналар тугатилди. Шу тариқа ўз вақтида вилоятимизнинг ипак қурти уруғига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириб, бошқа вилоятларга ҳам сотилган пилла уруғи эндиликда Хитойнинг пилласига деярли тўлиқ қарам ҳолига келиб қолди. Лекин Хитойдан пилла уруғини олиб келиш фикри ҳам ёмонмасдир, аммо ўзимизникига муқобил шаклда бўлиши шарт. Ташаббусга кўра, Хитойдан “Элита” ва “Супер элита” навлари келтирилиши керак эди, аммо ҳеч қачон хориждагилар бошқа давлатларга бундай навларни бермайди. Агар шундай яхши навлар келтирилиб, наслчилик ёки уруғчилик корхоналарида кўпайтирилганда эди, ҳолат тамомила бошқача бўларди. Агар вақти келиб Хитой хорижий давлатларга пилла уруғи экспортини тўхтатса, бизда пиллачилик инқирозга учрайди. Бундай бўлмаслиги учун ҳеч бўлмаганда пилла наслчилик станциялари давлат назоратида қолиши лозим эди.
2004 йилда тажриба тариқасида Жомбой туманида Хитойнинг “Элита” ипак қурти боқилди ва бир қутисидан 60-70 килограммгача пилла олинди. Шундан сўнг ҳамма Хитой пилласига харидор бўлди. Дастлаб яхши натижа кўрсатилгандан сўнг хитойлик селекционерлар оддий ипак қурти уруғини юборишни бошлашди.
Яна бир масала. Мавжуд пилла уруғчилик корхоналарида ҳам самарадорлик пасайиб кетди. Чунки улар тасарруфидаги уруғчилик хўжаликлари олинди. Масалан, “Самарқанд пилла уруғчилиги” корхонасида аввал 9 та уруғчилик хўжалиги бор эди ва улардан мавсумда 100 тоннагача пилла қабул қилардик, ҳозир тўртта қолди. Ўша пайтда мутахассислар бориб ҳар бир хўжаликда боқилаётган пилланинг ҳолати, шароити билан танишиб, ҳар биридан 100 тадан қурт олиб келиб, микроскопда текширарди. Агарда бирор касаллик аниқланса, бу хўжаликдан уруғлик олинмасди. Ҳозир қабул қилинаётган 20-30 тонна пилладан сифатли уруғлик танлаб олиб бўлмайди. Бундан ташқари, аввал кунига 300-400 нафар хотин-қиз, техникум, коллеж ёки мактаб ўқувчилари ёз фаслида таътил кунлари енгиллиги учун шу ерга келиб капалак териб пул ишларди. Ҳозир уруғчилик корхоналари моддий томондан қийналиб қолган, бунча ишчини ишлатолмайди, корхона бераётган маош эса ишчиларни қониқтирмайди. Натижада ўз вақтида 30-40 минг қути пилла уруғи тайёрлаган корхона ҳозирда 5-7 минг қути уруғ тайёрлаяпти, холос. Нега? Чунки ҳар бир дона пилла беш маротаба қўлдан ўтказилади, сараланади, пилла кесилади, ғумбаги олинади, текширилади, ажратилади ва ҳоказо...
Пилла наслчилик станцияси ёпилгандан кейин “Самарқанд пилла уруғчилиги” МЧЖда қисман наслчилик ишларини сақлаб қолишга ҳаракат қиляпман ва иккита корхонанинг ишларини бажаряпман.
Соҳада мутахассис кадр тақчиллиги кучаймоқда
Салоҳиддин аканинг айтишича, уруғчилик корхонасида 40 дан ортиқ лаборант-агроном мутахассис ишларди, улар микроскопда пилланинг касаллиги бор-йўқлигини аниқлаб берарди, лекин кам маош туфайли кейинги 5-7 йилда улар ишдан бўшаб кетди. Ҳозир кунлик ёки мавсумий ишчи бу ишни уддалай олмайди. Ёш кадрларга келадиган бўлсак, Тошкент аграр университетида пиллачилик йўналишида 2 та гуруҳда мутахассис тайёрланади, лекин улар ўқишни битиргач, соҳада ишламайди, сабаби маблағ камлиги билан боғлиқ.
Аграр соҳада “районлаштириш” деган тушунча бор. Яъни, ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароити, рельефи, ер хусусияти, суғориш имконияти, иссиқ-совуқдан келиб чиқиб мосланган навлар бўлади. Масалан, Самарқанд ва Сурхондарё, водий ёки воҳанинг иқлими бутунлай бошқача. Ёки Япония, Корея билан бизнинг иқлимиз тамомила фарқли. Шунинг учун улардаги каби бизда ҳам йилда тўрт маротаба қурт боқишни тарғиб қилишди, биздаги иссиқ туфайли барг дағаллашиб кетишини инобатга олишмади. Аслида бу тажриба 1960 йилларда ўзимизнинг олимларимиз томонидан синаб кўрилган амалиёт эди. Фақат об-ҳавонинг 40 даражагача исиши, баргнинг қотиб қолиши, чанг ва бошқа зарралар туфайли ипак қурти баргни еёлмайди, ҳосил ҳам 25-30 килограммдан ошмасдан, ўз таннархини ҳам қопламаганлиги учун фақат баҳор мавсумида йилда бир марта боқиш мумкинлиги исботланган. Мен 2012 йилда Хитойдан 2 минг туп тут келтириб ўстирдим, аммо тутлар қишки илиқ ҳавода барг чиқариб сўнг ҳаво совуганда нобуд бўлди. Ўзимизнинг “Жарариқ”, “Ўзбекистон”, “Ғалаба” навли тутларимиз иқлимга мослашган.
Ўтган йили республикадан соҳа мутахассислари тажриба амашиш доирасида Вьетнамга бориб келишди ва уларнинг усулида 22 даража ҳароратда қурт боқишни йўлга қўйишни айтишяпти. Ахир бизнинг иқлимда қурт ўртача 26-27 даража ҳароратда боқилади, мабодо ҳарорат 22 даража бўлса, у ҳолда мавсум 20 кун эмас, икки ойга чўзилиб кетади.
Хитойдан келтирилган пилланинг бир донаси ўртача 1 грамм, ўзимизнинг маҳаллий ипак қурти 1,8-2,2 граммгача оғирликда бўлади. Хитойнинг пилласи қутисидан 60 килограмдан пилла олинди, деб ҳисобот беришади, аслида бу ёлғон, аниғи эса қутисидан 30-35 килограммдан пилла олинади, тола сифати ҳам деярли бир хил. Жорий йилда Хитойнинг бир қути ипак қурти 160 мингдан сўмдан импорт қилинди, маҳаллий ипак қурти харажатлар ортгани ҳисобига 130 минг сўмдан баҳоланди. Агар соҳага давлат томонидан субсидия ёки дотация берилиб, харажат камайса, бу нархлар бир қутисига 80-100 минг сўмгача пасаяди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ ёзиб олди.