Пиллачилик – сояда қолаётган даромадли соҳа. Уни тиклашнинг имкони борми?

Кўп йиллар ипакчиликка етарлича эътибор қаратилмагани ҳеч кимга сир эмас. Натижада, ипак қурти боқишга иштиёқ пасайди, мажбуриятлар қоғозда бажарилган ҳолатлар ҳам бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан бугун соҳага эътибор кучайди. Ипак қурти боқувчилар учун рағбатлар жорий этилди, бу иш билан шуғулланганлар учун иш стажи ҳисобланадиган бўлди. Ипак қурти хомашёси бўлган тут дарахти экилишига ҳам алоҳида ёндошилмоқда.
Рақамларга қарайдиган бўлсак, 2018 йилда вилоятимизда 1 миллион 800 минг долларлик пилла экспорт қилинган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 20 миллион долларга етган. 2018-2022 йилларда вилоятда пилла етиштириш ҳажми 1,2 минг тоннага, аҳоли бандлиги эса 81,4 минг нафарга ҳамда экспорт ҳажми 17,2 миллион долларга ошган. Кластер корхоналарида ишлаб чиқариш кенгайтирилди, соҳага замонавий технологиялар жорий этилди.
Масалан, Паст Дарғом туманидаги “Элбек ТРЖ” пиллачилик кластери масъулияти чекланган жамияти Хитойдан замонавий ускуналар келтириб, ипак момиғи тайёрлашни йўлга қўйди. Натижада Паст Дарғом, Нуробод ва Самарқанд туманларида етиштирилган пилла хомашёсини қабул қилиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш имконияти яратилди.
Пиллачилик соҳаси анча ривожланган Хитойда йилига 4 маротаба ипак қурти боқилади ва қайта ишловчи корхоналарга доимий хомашёси бўлади. Тутнинг йирик баргли ва плантация шаклида доимий ўсувчи навлари яратилган. Хитойда намлик юқори бўлгани учун тут барги доимий равишда юмшоқ ҳолда бўлади. Шу технологияни бизда ҳам қўллаб, йилига тўрт мартагача ипак қурти боқиш ҳаракатлари ҳам бошланганди. Бунинг учун тут уруғлари келтириб синов тариқасида етиштириш йўлга қўйилди, бироқ юртимиз иқлими иссиқ ва қуруқ бўлгани боис тут барглари тезда қотиб қолиши ҳисобига асосан баҳор ва куз фаслларида ипак қурти боқилмоқда.
2024 йилда вилоятда 60,3 минг қути ипак қурти боқилиб, 3914 тонна пилла хомашёси тайёрланди. Соҳада 66 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди, 11 та қайта ишловчи корхонада 246 миллиард сўмлик ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 20 миллион долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.
Бу йил вилоятимиз пиллакорлари 64,6 минг қути ипак қурти боқиб, салкам 4 минг тонна пилла хомашёси тайёрлашни режалаштирган. Бу ишга вилоятимизда 45244 нафар хотин-қиз жалб этилган. Тайёрланган пилла хомашёсини 8 та пилла кластерлари қайта ишлаб, экспортга йўналтириши кўзда тутилган.
***
Статистик рақамларга қарайдиган бўлсак, вилоятимизда 2021 йил баҳор мавсумида 51862 қути ипак қурти боқилиб, 2952,2 тонна хомашё олинган ва ўртача маҳсулдорлик ҳар қутидан 56 килограммни ташкил этган.
2022 йил баҳорда 54518 қути ипак қурти боқилиб, 3122,6 килограмм хомашё олиниб, ҳар қутидан ўртача 57,3 килограмм, 2023 йил баҳор мавсумида боқилган 57329 қути ипак қуртидан 3341,7 тонна ҳосил ва ҳар қутидан ўртача 58,3 килограмм хомашё олинган.
2024 йил баҳорда 60302 қути пилла боқилиб, 3914 тонна хомашё ва ҳар қутидан ўртача 64,9 килограмм ҳўл пилла олинган.
Жорий йил баҳор мавсумида вилоятдаги саккизта пиллани қайта ишловчи корхона томонидан 64634 қути ипак қурти тарқатилиб, ундан 3878 килограммдан ортиқ хомашё олиниши кутилмоқда.
***
Шу ўринда рақамларга ойдинлик киритсак. Пиллачилик, умуман, қишлоқ хўжалиги тармоғи энг кўп ишчи кучи талаб этиладиган соҳа. Юқорида айтганимдек, биргина пиллачилик соҳасига 2024 йилда 66 минг нафар хотин-қиз жалб этилган, жорий йилда эса улар сони 45,2 минг нафарга, яъни деярли 21 минг иш ўрнига қисқарган. Нега? Бу саволга аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади, балки ўтган йили ҳар бир пилла боқувчи бир қутидан ипак қурти парваришлаган бўлса, бу йил уларнинг тажрибаси ошиб, 1,5-2 қутидан боқаётгандир. Лекин бу рақамларга ҳам қанчалик ишониш мумкинлиги очиқ саволлигича қолди.
Ипак маҳсулотларимизга АҚШда ҳам талаб юқори
Пиллачилик соҳаси оқсаб қолган пайтлар 1999 йилда Каттақўрғон туманида тайёрланган пилла хомашёсини қайта ишлаш билан фаолият бошлаган “Кумуш тола” хусусий корхонаси бугун 200 нафар доимий ва 5 минг нафар мавсумий ишчи билан йилига 200 тонна қуруқ пиллани қайта ишламоқда.
- Жорий йилда Каттақўрғон ва Тойлоқ туманидаги фермер хўжаликлари билан 550 тонна ҳўл пилла етиштириш борасида шартномалар имзолаганмиз, - дейди хусусий корхона раҳбари Марям Ниязова. – Пилла боқувчиларга ҳар бир қути учун 300 минг сўмдан бўнак пуллари тарқатилди, тайёрланган хомашё учун килограмига 40 минг сўмдан ҳақ тўлаш белгиланди. Корхонамизда Хитой ва Корея ускуналари ёрдамида ҳўл пилла қуруққа айлантирилади ва ипак йигириш, хом ипакдан пишитилган ипак олиш жараёнлари ўтказилади. Тўқув ускуналари ёрдамида ипакли мато-газлама олинади. Ҳозирда ипакли газламадан шарф, кўрпа-ёстиқ каби 10 га яқин маҳсулот тайёрлаяпмиз. Маҳсулотимизни ички бозорга йўналтирамиз, кўпроқ сайёҳлар харид қилишади, яна маҳсулотнинг бир қисмини АҚШга экспорт қилдик.
Пиллачилик нега хориждан келтириладиган уруғга қарам бўлиб қолди?
Энди бироз яқин ўтмишга қайтиб Самарқандда пиллачилик тарихи, ривожланиши ва фаолиятига назар ташласак. Яқин йилларгача Самарқандда учта йирик пиллачилик селекция маркази, уруғчилик тайёрлаш корхонаси фаолият юритган ва у ерда олимлар пилланинг янги навларини яратган, лаборатория текширувларини ўтказган бўлса, ҳозирда улардан фақат биттаси зўрға ишлаб турибди. Соҳага хусусий секторни жалб қилиш асносида бундай марказлар тугатилиб, хориждан келтириладиган пилла уруғига қарам ҳолига келиб қолганмиз. Биргина “Самарқанд пилла уруғчилик” масъулияти чекланган жамияти ўз вақтида “Ипакчи-1”, “Ситрогибрид”, “Ипакчи-2”, “Элита” каби навлардан йилига 30-40 минг қути ипак қурти уруғи тайёрлаган бўлса, ҳозир бу ерда бор-йўғи 1000 қути ипак қурти тайёрланади. Ўша пайтдаги 9 та ёрдамчи хўжаликдан ҳозирда атига 4 та қолган, холос. Кунига 300 дан ортиқ мавсумий ишчининг қўл меҳнати ёрдамида пилла уруғи тайёрлаган корхона бугун талабнинг камлиги ва маблағ етишмовчилиги туфайли бир нечтагина мавсумий ишчини зўрға ёллай олиш ҳолига келган. Сунъий равишда яратилган уруғ танқислиги туфайли биргина Самарқанд вилоятининг ўзига Хитойдан баҳор мавсуми учун 55-60 минг қути ипак қурти валюта ҳисобига олиб келиб, боқилади. Мутахассисларнинг фикрича, хориждан, яъни Хитойдан келтирилган пилланинг бир донаси 1,3 граммни, маҳаллий пилланинг бир донаси 1,8 граммни ташкил этади. Хорижий навдаги пилла толаси бироз ингичка бўлса, ўзимизнинг пилла толаси нисбатан йўғонроқ бўлади. Лекин кейинги йилларда асосан Хитой пилласи боқилаётгани учун ускуналар ҳам хориж навини қайта ишлашга мослаштирилган, айрим корхоналар Хитойдан шу каби ускуналар харид қилишган. Аслида хориждан бирор товар импорт қилинаётганда ўзимизникидан арзон, сифатли ва ҳар томонлама яхши бўлиши лозим. Лекин бу соҳада хорижий навдаги пилла яхши бўлгани учун эмас, ўзимизда тайёрланган пилла уруғи етмаганлиги, вақтида бу соҳага етарлича эътибор берилмагани, соҳани давлат назоратидан чиқариб, хусусий секторга ўтказганимиз туфайли бугун шундай вазият пайдо бўлди. Агар турли сабабларга кўра, Хитой пилла уруғи келмай қолса пиллачилик тармоғида катта муаммо юзага келади. Шунинг учун бу соҳани давлат назоратига қайтариб, маҳаллий уруғ тайёрлашни кўпайтириш керак.
Аслида, дунё бозорида ипак маҳсулотига талаб юқори ва бундай товарларнинг харидори ҳам талай. Пиллачиликни ривожлантириш учун амалга оширилган ислоҳотлар, хориждан келтирилган ипак қурти ва тут навлари, жаҳон андозасига мос сифатли тола тайёрлашга ҳаракат қилаётган эканмиз шунга мос маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш зарур. Эндиги лойиҳаларимиз маҳсулот турини кўпайтириш, хориж бозорларига экспортни кенгайтириш йўлида изланишлар олиб борилишига қаратилиши лозим.
Ўктам Худойбердиев.