Пингвин ўз қутқарувчиси билан учрашиш учун ҳар йили 800 километр масофани сузиб ўтади

Магелан пингвини Жинжин Аргентина ва Чили соҳилларида яшайди, лекин ҳар йили ўзининг ҳаётини сақлаб қолган Жоаони кўриш учун Бразилияга қайтиб келади.

Рио-де-Жанейро яқинидаги кичик оролдаги 71 ёшли қишлоқ яшовчиси Жоао Перейра де Соуза 2011 йилда соҳилда ётган ўлим ҳолатига яқин пингвинни топиб олди. Қуш нефть қобиғига тушиб қолган ва унинг патлари мойли парда билан қопланган эди.

Жоао бахтсиз пингвинни уйига олиб борди, унинг патларини ёпишқоқ суюқликдан тозалади ва кучини тиклаб олиши учун ҳар куни балиқ бериб парваришлади, унга Жинжин деб ном берди.

Бир ҳафтадан сўнг эркак соғайган Жинжинни қўйиб юбормоқчи бўлди, бироқ қуш ўз қутқарувчисига шу қадар ўрганиб қолган эдики, унга ёпишиб олди ва ташлаб кетишни хоҳламади.

“У 11 ой менинг уйимда яшади, патлари ўзгарганидан кейин у тўсатдан ғойиб бўлди”, деб эслайди Жоао.

Эркак қайтиб дўстини кўришга умид қилмаган эди, лекин бир неча ой ўтгач, Жинжин ўзи қутқарилган пляжда яна пайдо бўлди. У балиқ овлаш учун денгизга чиққан Жоао қайиғи олдига сузиб келди, кейин уйига келиб, йил охиригача у билан қолди.

Бу ҳодиса тўққиз йилдан бери давом этмоқда: Жинжин Жоао билан ҳар йил саккиз ойга яқин - июндан-февралгача қолади, кейин эса тахмин қилинишича Патагония томон сузиб кетади.

 “Мен бу пингвинни ўз фарзандимдек яхши кўраман ва у ҳам мени севишига ишонаман, - дейди Жоао. – У ўзини мендан бошқа ҳеч кимга тегинишига йўл қўймайди. Биров унга тегингудек бўлса, дарҳол чўқий бошлайди. Менинг эса тиззамда ётади, уни чўмилтираман, сардина балиқлари билан сийлайман, қўлимда кўтариб юраман”.

Жинжин ўз қутқарувчисини бошқа уй ҳайвонларидан қизғанади. У ит ва мушукларга хўжайини олдига яқинлашишига йўл қўймайди. Пингвин Жоаони кўрганида думини ликиллатиб, шу тарзда қувончини ифодалайди.

Биолог мутахассисларнинг фикрича,  пингвин Жоаони ўз “пода”сига қабул қилган ва уни оиласининг бир қисми деб билади.

Гарчи Бразилия аҳолисига ёввойи ҳайвонлар ва қушларни уйда сақлаш тақиқланган бўлса-да, расмийлар Жинжиннинг қутқарувчисига бўлган ғайриоддий меҳрини кўриб, унга Жоаонинг уйига меҳмон бўлишга рухсат беришди.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.