Пихини ёрган фирибгар аёллар
Америкалик тарихчи Тори Телфер ўзининг “Устаси фаранг аёллар” китобида фирибгарлик ва товламачиликда дунёни донг қолдирган қаллоблар ҳақида шундай ёзади: “Улар соҳибжамол ва мафтункор. Ўта ақлли ва ҳийлакор. Шу билан бирга ўта шафқатсиз. Ўзлари тўқиган ҳар хил уйдирмаларга одамларни ишонтиришга жуда уста. Манаман деган эркак фирибгарлар улар қаршисида ип эшолмайди”.
“Мир новостей” (2021 й, 10-сон) газетаси муаллиф фикрларини қуйидагича баён қилади: “Ана шундай фирибгарликда пихини ёрган аёллардан бири хитойлик Ван Ти. У ўзини икки қудратли сиёсатчининг қизи деб кўрсатган. Бу уни пекинлик бадавлат кишилар даврасига суқилиб киришига имкон берган. Ҳашаматли ҳаёт кечириш учун у ўзининг бойвачча дўстларининг уйларини сотиб, пулини жиғилдонига урган.
Фирибгар аёл, аввало, ушбу уйларни ижарага олган, бу кўчмас мулклар унга тегишли бўлмаса-да, уларни бемалол пуллаб, ижара ҳақини ўз вақтида тўлаб бораверган. Ушбу товламачилик орқали уч йил давомида маккора аёл 9 миллион доллар ишлаб олган. Унинг домига 27 киши илинган.
Бошқа фирибгар аёллар ўзларини экстрасенс қилиб кўрсатишни яхши кўришади. “Башоратчи” ўзига руҳий жиҳатдан тобе ҳолатга тушган мижозлардан очиқчасига пул талаб қилишдан уялишмайди. Бу ишни медиумлар ичида юлдуз ҳисобланган бруклинлик Мэри Эни Скайелл қойилмақом қилиб уддалаган. У мижозларига унинг руҳлар оламидаги йўл кўрсатувчилари пул чеки, янги кийимлар, дала ҳовли сўрашаётганини айтган.
Яна ҳар хил уйдирмалар ўйлаб топишга уста тоифалар ҳам бор. Улар кўз ёши тўкиб, ўзларини жабрдийда, хўрланган бечораҳол аёл қилиб кўрсатишади. Ноҳақ тазйиққа учраган таниқли арбобларнинг фарзанди бўлганини тўқиб одамларда раҳм-шафқат, хайрихоҳлик уйғотишади. Отилган рус подшоси Николай II нинг қизи Анастасияман, деб ўзини кўрсатган аёллар бунга мисолдир.
Ўн йиллар давомида улар ўзаро рақобатлашган. Гарчи уларнинг ташқи кўриниши, лаҳжаси Анастасияга жуда ўхшаш бўлса-да, рус подшосига ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Аммо кўпчилик уларни чўпчакларига ишонишган.
Нима учун? Негаки, ўлимдан қутулиб қолган малика мавжудлигига ишониш одамларга хуш ёққан, деб фараз қилади Тефлер.
Айрим уйдирмачи фирибгарлар ўзларини даҳшатли фожиа қурбони қилиб кўрсатади. Улар ёрдамга муҳтож кишиларга доимо ҳиммат қўлини чўзишга шай одамларнинг кўнгилчанлигидан устакорлик билан фойдаланишади. Бундай фирибгарлик зилзила ёки террорчилар ҳужумидан кейин пайдо бўлишади. Таня Хед ўзини ана шундай террорчилик ҳужумидан омон қолган қилиб кўрсатиб, тирик қолган жабрдийдаларга ёрдам берувчи норасмий ташкилот вакилиман, деб катта бойлик тўплаб олган.
2019 йилда Нью-Йоркда Анна Делви деб танилган, аслида Анна Сорокина бўлган товламачи аёл устидан суд бўлди. У фирибгарлик ва хизматлар ўғриси сифатида айбланди. У 1991 йилда Домодедовада туғилган. Кейинчалик Россиядан ота-онаси билан Германияга кўчиб ўтади, 2013 йилда эса Нью-Йоркда пайдо бўлади. Америкаликларнинг ишончини қозониб, ўзини Германияда 60 миллион доллар бойлик меросхўри Анна Делви деб эълон қилади. Унинг Америкадаги донғи маҳаллий аҳолида шунчалик катта таассурот уйғотдики, яқинда Сорокинонинг “қилмиш-қидирмиш”лари ҳақида Нью-Йорк тарихида буюк товламачи сифатида ҳикоя қилувчи сериал суратга олинди. Уни бу кинодан тушган пул 300 минг доллар ўмарган маблағни товон тўлашига бемалол етди. 12 февралда у “намунали хулқи” учун муддатдан илгари қамоқдан озод қилинди. Уни Германияга бадарға қилиниши кутилмоқда.
Т.Шомуродов тайёрлади.