Портленддаги намойишчилар “Молотов коктейллари” билан полицияга ҳужум қилди

АҚШнинг Портленд шаҳридаги намойишчилар шиша ичига солинган ёнувчи моддалар аралашмаси билан полиция ходимларига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда РИА Новости нашри маҳаллий полиция ахборотига таяниб хабар берди.

Намойиш 6 сентябрь куни бошланди, бироздан сўнг шаҳар маъмурияти уни исён деб эълон қилди.

“Одамлар “Молотов коктейлларини” отишмоқда... Ичига ёнувчи моддалар аралашмаси солинган шишаларни зобитларга қарата отишди... Полиция ҳудуд хавфсизлиги учун тинчлик ва тартибни тиклашга ўринмоқда”, дейилган полиция хабарида.

Афроамерикалик Жорж Флойд ҳибсга олинган вақтда полиция қўлида жон берганидан сўнг Портленд ва АҚШнинг бошқа шаҳарларида, шунингдек, бир қатор Европа давлатларида оммавий норозилик намойишлари бошланди. Кўп ҳолларда намойишлар тартибсизликлар билан якунланмоқда.