Португалиянинг Брага театри билан ҳамкорлик йўлга қўйилди

Португалиянинг дунёга машҳур Брага театридан бир гуруҳ ижодкорлар Самарқандга келди.

Меҳмонлар вилоят мусиқали драма театри жамоаси билан учрашиб, театрда яратилган шароитлар билан танишди.
Брага театри бадиий раҳбари Руи Мадеира ва театр либослари бўйича рассом Монуелла хоним иштирокида самарқандлик ижодкорлар учун маҳорат дарслари ташкил этилди.

- Театр санъатининг замонавий йўналишларини ривожлантиришда халқаро даражадаги ижодкор ва экспертлар тажрибаси муҳим аҳамиятга эга, - дейди вилоят мусиқали драма театри актёри Беҳруз Қурбоналиев. - Чунки уларнинг янги ғоялари, ёндашувлари ва профессионал кўникмалари миллий театр санъатига замонавийлик ва янги руҳ бағишлайди.

Шу билан бирга, халқаро тажриба орқали биз театр саҳнасини дунё тажрибасига уйғунлаштириш, аудиторияга янада кенг ва чуқурроқ маъноларни етказиш имкониятига эга бўламиз. Учрашувда португалиялик ҳамкасбларимиз билан  замонавий театр санъатига интеграцияланган янги технологияларни жалб қилиш, саҳна безаклари ва ижодий усуллар орқали томошабинлар учун замонавий, мазмунли ва қизиқарли спектакллар яратиш бўйича тажриба алмашдик.

Учрашув якунида икки театр ўртасида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва маданий алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича меморандум имзоланди.
Ташриф доирасида португалиялик ижодкорлар театр репертуаридаги “Маҳмудхўжа Беҳбудий” спектаклини томоша қилди.

****

Вилоят мусиқали драма театрида Қозоғистоннинг “Жастар театри” жамоаси томонидан саҳналаштирилган “Топдим, ошиқ бўлдим, йўқотдим” спектакли ҳамда Каттақўрғон шаҳар драма театрида театр репертуаридаги “Жибек” номли мусиқали спектакль премьераси намойиш этилди.
Сарвиноз Маманова.