Пойтахтсиз давлатлар. Нега уларнинг пойтахти йўқ?
Ҳаммамиз мамлакатларнинг пойтахти бўлиши кераклигига ўрганиб қолганмиз. Дарҳақиқат, дунёда кўплаб давлатларда улар мавжуд, бироқ бу масалада ҳам истиснолар ва ўз шаҳарларидан бирини ажратиб қўйишдан бош тортган иккита давлат бор экан. Хўш, нима сабабдан улар пойтахтсиз ишлашга қарор қилишди?
Швейцария
1847 йилда католик ва протестантлар кантон (Швейцария таркибига кирадиган ҳар бир айрим ўлка)лари ўртасидаги фуқаролар уруши тугади. 1848 йилда эса аллақачон 3 кантонни ўз ичига олган замонавий конфедерал Швейцария ташкил этилган эди. Уларни бир бутун яхлитга айлантиргач, давлат пойтахтини аниқлаш масаласи пайдо бўлди. Қайси аҳоли пункти мос келишини ҳал қилиш бир неча сабабларга кўра қийин эди.
Улардан бири – Наполеон билан уруш давридан ташқари, Швейцария деярли ҳеч қачон пойтахтга эга бўлмаган. Шунинг учун ҳеч кимни хафа қилмасдан танлаш керак эди. Иккинчидан, фуқаролар урушидан кейин кантонлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашган бир пайтда у ёки бу кантонга тегишли бўлган аҳоли пунктларидан бири танланиб қолинса, қолган иккитасининг аҳолиси ўз шаҳрига нисбатан зулм қилинаётганлигига қарор қилишлари мумкин эди.
Баҳс қўзғатишни истамаган, фақат мамлакат фаровонлигини ўйлайдиган Швейцария кантонларни автоном ва тенг ҳуқуқли қилиб қолдиришга қарор қилди. Шу тарзда маданияти ва анъаналари турлича бўлган одамлар учун бир мамлакатда бирга яшаш осон эди. Натижада ҳар бир кантон ўз бошқаруви, тили ва меъёрий-ҳуқуқий базасига эга бўлди.
Дастлаб Швейцария пойтахти номига 3 та даъвогар шаҳар бўлар эди, аммо ҳукумат улардан бирини танлай олмади ва расмий равишда пойтахтсиз қолишга қарор қилинди. Айни пайтда мамлакатнинг айрим аҳолиси, айниқса унда яшовчилар Бёрн шаҳрини пойтахт деб атайди.
Науру
Бу Тинч океанидаги майдони атиги 21 квадрат километр ва аҳолиси 15 минг киши бўлган энг кичик орол давлати. Ўз тарихи давомида орол турли мамлакатлар - Германия, Англия ва ҳатто Япониянинг бир қисми бўлган. Науру 1960 йилларнинг охирида мустақилликка эришди.
Бир пайтлар орол фосфатлар мавжудлиги билан машҳур эди, бироқ конлар бутунлай тугади. Ҳозир аҳоли асосан балиқчилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Митти давлатнинг расмий пойтахти йўқ. Парламент ва аэропорт жойлашган Ярен шаҳри давлатнинг норасмий пойтахти ҳисобланади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.