Предраг Роган:“Суперлигада “жон сақлаб” қолиш учун эмас, юқорироқ ўринлар учун курашамиз”

Жорий йил вилоятимизнинг “Динамо” жамоаси таркиби ва мураббийлар штаби янгиланди. Клубга хорижлик мутахассислар, легионер ўйинчилар ва клублардан маҳаллий футболчилар жалб қилинди. Аммо жамоа турнир жадвалида охирги ўринларда боряпти. Муаммо нимада, футболчи ва мураббийлар билан боғлиқ ноқулайликлар йўқми, кейинги тур ўйинларига тайёргарлик жараёнлари қандай олиб бориляпти?

Мазкур саволларга “Динамо” профессинол футбол клуби бош мураббийи, сербиялик мутахассис Предраг Рогандан жавоб олдик.

- Суперлига мавсуми бошланишидан аввал жамоа билан Туркияда ўқув-машғулот йиғини олиб бордик ва мазкур йиғин доирасида беш ўртоқлик ўйинида 3 дуранг, 2 ғалаба қайд этдик, - дейди Предраг Роган. - Бироқ ўртоқлик ўйинлари билан Суперлига баҳслари ўртасида катта фарқ бор.

Футболчилар майдонда қўрқмай, тўп тепишлари, ўзаро бир-бирларини тушунишлари, сифатли ўйин намойиш этишлари керак.

Жамоамиз бу мавсум Суперлигада саккиз тур ўтказиб, 4 тасида мағлуб бўлди, 3 тасида дуранг ўйнади ва бир ўйинда ғалаба қилди. Жамоа янгиланган таркиб билан нега бундай паст натижа қайд этяпти, дейишингиз мумкин. Мураббий сифатида мен ҳам натижадан қониқмайман. Бу билан ўзимни оқламоқчи ҳам эмасман. Чунки жамоамиз таркиби юз фоиз янгиланди. Футболчилар бир-бирларини тушуниши, майдондаги ҳаракатларини ҳис қилиши учун вақт ва кўп меҳнат қилишимиз керак. Олдинда ўйинлар бор, биз ҳаракат қиляпмиз.

Футболчилар билан жамоа раҳбарияти ва мураббийлар ўртасида ҳамкорлик яхши. Жамоада ҳамма футболчи менга ёқади. Бу клуб мен учун “Реал Мадрид”.

Жорий мавсумда Суперлигада “жон сақлаб” қолиш учун эмас, балки юқорироқ ўринларни эгаллаш учун кураш олиб борамиз. Бунинг учун мураббийлар билан ишлаяпмиз, футболчиларга нима қилиш кераклигини уқтиряпмиз. Албатта, ўйинларда ўзимизни кўрсатамиз ва аста-секин яхши натижа ҳам бўлади.

Бугун жамоамиз Суперлиганинг 9-тури доирасида Бекободда "Металлург" клубига қарши майдонга тушади. Ўйлайманки, футболчилар майдонда ўзини кўрсатади.

Фазлиддин Рўзибоев суҳбатлашди.