Президент фармонига кўра
18 ёшгача бўлган фуқароларнинг маданий мерос объектларига бепул кириши белгиланган. Аммо...
Аксарият ҳолларда тарихий обида, музей ва ёдгорликларга кириш учун берилган имтиёз ҳамда қабул қилинган янги қонун ҳамда фармонларни билмаслик натижасида фуқароларнинг маданий мерос обидаларига пул тўлаб кираётгани ёки тарихий объектларга кириш нега пуллик деган ҳолатларни учратамиз.
Мамлакатимизда қабул қилинган тегишли қарор ва қонунларга кўра, маҳаллий фуқаролар учун ёш тоифасида маданий мерос иншоотларига тўлов орқали кириш ва айрим сана ҳамда дастурлар доирасида имтиёз билан бепул кириш белгиланган.
2023 йил 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, халқнинг бой маданий меросидан фахрланиш, ватанпарварлик туйғуларни шакллантириш мақсадида 2023 йил 1 сентябрдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига тўловсиз киритилиши жорий этилди. Ушбу тартиб амалдаги Конституциямизнинг 78-моддасида ҳам акс этган.
Аммо 18 ёшгача бўлган фуқаролар ҳозир ҳам тарихий объектларга кириш учун пул тўламоқда. Хўш, маданий мерос объектлари масъуллари нега Президент Фармонига амал қилмаяпти ёки тизим ҳалигача эски қарор ва қонунлар асосида ишлаяптими? Бунга аниқлик киритиш мақсадида вилоятимиздаги маданий мерос объеклари масъулларига мурожаат қилдик.
Таъкидланишича, тарихий обидаларга кириш учун бериладиган электрон билетлар нархлари 2023 йилда Маданий мерос агентлиги томонидан тасдиқланган бўлиб, ёш болалар учун 5 минг сўм, катталар учун 10 минг сўм этиб белгиланган. Жорий йилнинг 30 август куни Маданий мерос агентлиги масъули иштирокида ўтказилган брифингда юқоридаги фармонга асосан, объектларга бепул кириш тўғрисида шундай маълумот берилган:
“Республика фуқароси ҳисобланган ва 18 ёшгача бўлган болалар ҳар йилнинг 2-8 сентябрь кунлари ўтказиладиган “Музейлар ҳафталиги” доирасида, ҳар ойнинг биринчи якшанбасида уюштириладиган “Очиқ эшиклар куни” доирасида ҳамда ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари маданият муассасаларига бепул киритиладилар. Бунда ташриф буюрувчи 18 ёшгача бўлган болалар тегишли объектлар кассасига шахсини тасдиқловчи паспорт ёки ID-карталарини тақдим этишлари талаб этилади. 18 ёшгача бўлган ёш санъат ихлосмандлари маданият ўчоқларига гуруҳ бўлиб ёки якка тартибда ташриф буюришлари мумкин бўлади.
Шунингдек, ташриф буюрувчилар гуруҳининг объектларга бепул киритилишини тегишли таълим ва тарбия муассасаси ёки уларга гуруҳларга жамланган ташкилот раҳбарияти ҳамда объектлар ҳамкорлигида ишлаб чиқилган режа-жадвал асосида ҳам амалга оширишлари мумкин бўлади. Бунда таълим ёки тарбия муассасаси ёки уларнинг гуруҳга тўплаган раҳбарияти олдиндан объектларга ташриф буюрувчиларнинг таркиби, болалар гуруҳларига ҳамроҳлик қилувчи масъул шахслар тўғрисидаги маълумотларни объектлар маъмуриятига камида уч кун олдин ёзма равишда тақдим этишлари талаб этилади. Ёш саёҳатчилар гуруҳига ҳамроҳлик қилувчи икки нафаргача масъул шахсга объектларга бепул киришга рухсат берилади. Объектларга бепул киритилган ташрифчиларга хизмат кўрсатиш, жумладан, экскурсия хизмати, ташриф буюрувчилар учун белгиланган умумий тартибда амалга оширилади.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг музейлар тўғрисидаги қонунини рўёбга чиқариш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжатга асосан, “Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги низомнинг тегишли бандига мувофиқ, ҳар йилнинг 2-8 сентябрь кунлари давлат музейларида “Музейлар ҳафталиги” ўтказиб келинади. Мазкур ҳафталик дорасида барча аҳоли давлат музейларига бепул киритилади” дейилади агентлик маълумотида.
Бироқ, юқорида айтганимиздек, тегишли меъёрий ҳужжатлар билан республика фуқароси ҳисобланган 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос иншоотларига, жумладан, кўргазмалар тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар, шунингдек, давлат музейларига тўловсиз кириши кўзда тутилган. Бироқ Маданий мерос агентлиги масъули берган маълумотда 18 ёшгача бўлган болалар ҳафтанинг айрим кунларида, сана ва байрамлар муносабати билан ҳамда турли дастурлар доирасида маълум бир кунларда ушбу объектларга бепул кириши айтилмоқда. Бизнингча, бу Президент фармонида белгиланган вазифаларнинг бир қисми, холос. Чунки бунда 18 ёшгача бўлган республика фуқароларининг маданий мерос иншоотларига исталган вақтда, тўлиқ бепул кириши таъминланмаяпти.
Бу масалани кўтаришимизнинг сабаби бор. Гап шундаки, бугунги кунда ёшлар ўртасида тарихий қадамжолар, хусусан музейларга бориш истаги қувонарли даражада эмас. Холбуки, миллий қадриятларга содиқлик, халқимизнинг бой миллий-маданий бойликларидан бохабар бўлиш ва фахрланиш ҳисси айнан шу жойларда кўпроқ шаклланади. Айнан шунинг учун ҳам давлат даражасида бу масала кўтарилиб, тегишли ҳужжатлар қабул қилинган.
Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги масъуллари яна бир ўйлаб кўришса ёхуд биз назардан қочирган жиҳатларга батафсил изоҳ беришса мақсадга мувофиқ бўларди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.