Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент мулоқоти самарқандлик тадбиркорларга ер ажратишда қандай қулайлик берди?

Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувидан сўнг вилоятда тадбиркорларга зарурий ер майдонларини ажратиш бўйича қуйидаги вазифалар белгилаб олинди.

Биринчидан, 1298 минг гектар қишлоқ хўжалиги ер майдонлари мавжуд. Шундан, 428 минг гектар экин майдонлари, 68 минг гектар кўп йиллик дарахтзорлар, 5 минг гектар бўз ерлар ва 796 минг гектар яйловлар.

Қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беришда шаффоф тизим яратилмаганлиги, ер майдонлари ўз эгасига топширилмаганлиги унумдор ерларнинг балл бонитетлари пасайишига сабаб бўлди. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатди.

Бугунги кунда очиқ танлов асосида ерларни ижарага бериш бўйича 2637 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари туман ҳокимликлари захирасига олинган. Танловда барча – деҳқон ҳам, фермер ҳам, агрофирма ва кластерлар ҳам тенг шартларда иштирок этади.

Иккинчидан, майдони 179,7 гектарга тенг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 1614 та ер участкалари аукцион савдолари орқали сотилди. Шунингдек, 60,9  гектарлик 1440 та ер участкалари аукцион савдоларида эълонда турибди.

Ҳозирги кунга қадар ҳудудларда инфратузилма объектларига яқин 1898 та контурда 190 гектар ер майдони аниқланиб, белгиланган тартибда аукцион савдоларига чиқариш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, жорий йил 1 ноябрга қадар вилоятда майдони 50 гектар 1000 та, шунингдек, магистраль йўл бўйида 70 гектар 250 та ер участкалари белгиланган тартибда аукцион савдоларига чиқарилади.

Мисол учун, Самарқанд шаҳар Чўпон ота МФЙда, А-378 йўл ёқасида автомобилларга халқаро юк ташиш, кийим ювиш шохобчаси, автомобиль эхтиёт қисмлари сотиш дўкони, шохобчаси бинолари қуриш учун 0,4 гектар ер майдони, Нарпай тумани Ипак йўли МФЙ, М-37 йўл ёқасида савдо ва маиший хизмат бинолари қуриш учун 0,04 гектар ер майдони аукцион савдога чиқарилади.

Учинчидан, кўпчилик тадбиркорларни ўз корхонаси жойлашган ер майдонининг тақдири эртага нима бўлади, деган савол қийнаётган эди. Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан мулоқотида бунинг ечими аниқ кўрсатиб берилди.

Вилоятдаги жами 19065 тадбиркорга тегишли корхоналарда 344,7 гектар ер майдони мавжуд. Ернинг турига қараб, унинг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, имтиёзли шартлар асосида ушбу корхоналарга хусусийлаштириб берилиши ердан гаров объекти сифатида фойдаланиш имкониятини яратади.

Тўртинчидан, вилоятда 2021 йилда қиймати 143,1 миллиард сўмлик 74 та давлат активлари 39,8 миллиард сўм инвестиция киритилиши ҳамда 421 та янги иш ўринлари яратилиши шарти билан сотилиши режалаштирилган. Ўтган давр мобайнида 33 та давлат активи 29 миллиард сўм инвестиция киритиш ҳамда 401 та янги иш ўрни яратиш шарти билан 27,1 миллиард сўмга сотилган (23,7 миллиард сўмлик тўловлар тўланган).

Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги "Ўзқишлоқэлектрқурилиш" АЖ (электр тармоқлари линияларини қуриш)нинг 34,94 фоиз давлат акция пакети 20,1 миллиард сўмга, шунингдек, Нарпай туманидаги “Автомобилларга суюқ газ қуйиш шохобчаси” бино-иншоотлари 604,7 миллион сўмга сотилди.

Бугунги кунда 29 та давлат активлари 103 миллиард сўмлик бошланғич нархда оммавий савдоларда турибди.

Масалан, “Каттақўрғон ёғ-мой” АЖнинг 64,9 фоиз давлат акция пакети 74,4 миллиард сўм, "Паст Дарғом МТП" МЧЖнинг 100,0 фоиз давлат улуши 7,9 миллиард сўм бошланғич нархда савдода.

Ж.ЎРОҚОВ,

вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари.