Президент қарорига кўра Самарқандда қўл жанги бўйича халқаро турнир ўтказилади

Бу ҳақда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 20 июндаги “Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маълум қилинди.

Қарорга кўра, қўл жанги спорт турини аҳоли, айниқса, ёшлар, Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ўртасида янада оммалаштириш, соҳа учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда малакали кадрлар, тренерлар ва ҳакамлар тайёрлашга бўлган эътибор янада кучайтирилади.

Хусусан, 2023 йилдан бошлаб қўл жанги бўйича ҳар йили Тошкент шаҳрида 14 январь ‒ Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган Қуролли Кучлар чемпионати ҳамда ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиб, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар хотирасига бағишланган Хотира турнири ташкил этилади. 

Шунингдек, Наманган шаҳрида ҳар йили  профессионал спортчилар ўртасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги” ҳамда ҳар икки йилда бир маротаба Қарши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ёшлар ўртасида “Амир Темур кубоги” халқаро турнири ўтказилади.

Бугунги кунда вилоятимизда 9 та болалар-ўсмирлар спорт мактабида қўл жанги бўлимлари мавжуд. Улар орасида халқаро турнирга мос ҳудуд танланиб, қўл жанги бўйича спорт базасига айлантирилади ёки ушбу спорт турига ихтисослаштирилган ҳолда қайта ташкил этилади.