Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Президент Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Зойир Мирзаев номзодини Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тавсия этди

Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Тошкент вилояти ўзининг табиий ва қазилма бойликлари, саноат ва транспорт-логистика салоҳияти, барқарор энергия таъминоти, малакали меҳнат ресурслари билан ажралиб туриши таъкидланди.

"Мавжуд барча имкониятларни тўлиқ ишга солиб, вилоятга янада кўп инвестиция олиб келиш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги корхоналар ва иш ўринларини кўпайтириш, инфратузилмани яхшилаш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш доимо эътиборимиз марказида бўлади", деди Президент.

Сессияда Тошкент вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масала кўриб чиқилмоқда.

Президентимиз 2021 йил ноябрь ойидан буён Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Мирзаев Зойир Тоирович номзодини вилоят ҳокими лавозимига тавсия этди.

Номзод бўйича муҳокамаларни бошлашдан аввал сўзни номзодга бериб, унинг 10 ой давомида вилоятда тўплаган тажрибаси ва хулосалари асосида келгусида ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режаларини эшитиш таклиф қилинди.