Президент ва ССВ номидан сохта веб-ресурслар очиб, банк карталаридан маблағларни ечиб олган фирибгарлар аниқланди

Интернет-фирибгарлари томонидан фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пул маблағларини турли хил ноқонуний услублар ёрдамида талон-торож қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида жиноятчилар Президент админстрацияси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтларига ўхшаш бўлган сохта веб-ресурслар очиб олган. Шу орқали фуқаролардан банк пластик карта маълумотларни тақдим этилишига эришиб, пластик карталардан маблағларни ўзлаштириб келаётганлиги аниқланган.

Хусусан, «Телеграм» ижтимоий тармоғидаги бир қатор гуруҳ ва каналларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан COVID-19 вирусига қарши вакцинациядан ўтган фуқаролар бир маротабалик 750 минг сўм пул маблағларини беришга оид «фейк» хабар тарқатилиб, ушбу хабар остига бириктирилган ҳаволага кирилганида, 750 минг сўмни олиш илинжида бўлган фойдаланувчилардан банк пластик карта реквизитлари ҳамда СМС-хабарномада кўрсатилган махфий код-рақам сўралаётганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан ижтимоий ва демографик ҳолатни яхшилаш учун фарзанди бор оилаларга бир маротабалик 650 минг сўм пул маблағларини моддий ёрдам сифатида беришга оид қонун кучга кирганлиги тўғрисидаги “фейк” хабар тарқатилганлиги, хабар остидаги ҳаволага кирилганда 650 минг сўм олишга эришиш учун фойдаланувчидан ўз банк пластик карта рақамларини ҳамда СМС-хабарномада кўрсатилган махфий код сўралади ва «эҳтиёжманд мижоз» ушбу маълумотларни киритгач, пластик картасидаги мавжуд пул маблағларидан маҳрум бўлиши аниқланди.

Тезкор тадбирлар натижасида, "фейк" хабар таъсирига тушган  фуқаронинг 7,5 млн. сўм пул маблағлари Тошкент шаҳрида яшовчи 2000 йилда туғилган Рустамов Ислом (исмлари ўзгартирилган) томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

"Катта миқдордаги маблағга эга бўлиш истагида бўлиб, сизга смс-хабарнома орқали келган тасдиқлаш кодини «фейк» ресурсга киритишингиз билан интернет-фирибгар томонидан банк пластик картангизни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритилишига ва ундаги маблағларни ноқонуний равишда эгалланишига шарт-шароит яратган бўласиз.

Интернет-фирибгарлари томонидан яратилган сохта веб-ресурсларга кириб, енгил йўллар билан даромад топиш тўғрисидаги ёлғон хабарларга ишониб қолманг", дейилади ИИВ хабарида.